
Эрон ва Исроил ўртасидаги тортишув янада кучайди: янги технология, янги қурбонлар
Яқин Шарқда кескинлашув янги босқичга чиқди – 16 июнь куни Эрон ракеталари Исроилнинг энг муҳим шаҳарлари Тель-Авив ва Хайфага етиб борди, бу ҳужум натижасида камида 5 киши ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ одам жароҳатланди. Reuters агентлигининг хабар беришича, бу гал Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан “янги усул” қўлланган ва бу Исроилнинг мустаҳкам ҳаво мудофаа тизимини заифлаштиришга хизмат қилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳужум пайтида Эрон мудофаа тизимини чалғитиш учун илғор тактик ёндашувларни ишлатган. Шунинг натижасида, Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўзаро иштибоҳга йўл қўйиб, бир-бирига ҳужум қилган. Бу эса ракеталарнинг катта қисми белгиланган манзилга тўсиқсиз етиб боришини таъминлади. Исроилнинг мудофаа вазири эса жавоб тариқасида Эрон пойтахтига кучли зарба бериш билан таҳдид қилди ва “Теҳрон аҳолиси ўз кўзи билан буни кўради”, дея баёнот берди.
Можаро кучайиши ва юқори лавозимли қурбонлар
Охирги воқеалардан бири – 15 июнь куни юқори аниқликдаги зарба оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси разведка бошлиғи Муҳаммад Козимий ва унинг ўринбосари ҳалок бўлди. Шу ҳолатдан сўнг Исроил авиацияси Эрон қуролли кучларининг қўмондонлик марказлари ва Ислом инқилоби қўриқчиларига яна зарбалар берди.
Исроил армияси ядро қуроли яратилишининг олдини олиш мақсадида, жума кунидан бошлаб, Эронга қарши кенг кўламли ҳаво операциясини бошлади. Бугунга келиб, Теҳрон ва бошқа стратегик нуқталар – ракета заводлари, Натанздаги уран бойитиш марказлари мунтазам равишда бомбардимон қилинмоқда. Исроил томонидан бир қатор юқори лавозимли ҳарбийлар, Ислом инқилоби қўриқчиларининг элита бўлинмаси аъзолари ва ядро соҳасидаги олимлар йўқ қилингани маълум қилинди.
Иқтисодий ва инсонпарварлик оқибатлари
Ҳарбий тартибсизлик нафақат қурбонлар сони, балки иқтисодий вазиятга ҳам таъсир кўрсатди: 16 июнь куни нефть нархи 0,62%га ошиб, бир баррел учун 74,69 долларга етди. Бу Яқин Шарқдаги можаро глобал бозорларга ҳам таъсир ўтказаётганининг яққол исботи бўлди.
Энг оғир оқибатлар инсонпарварлик йўналишида: Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу кескинлашув бошлангандан буён мамлакатда ҳалок бўлганлар сони 224 кишига етди, уларнинг 90%дан ортиғини тинч аҳоли ташкил қилади. Исроил томонида эса қурбонлар 18 нафарга етди.
Яқин Шарқдаги бу янги босқич нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам жиддий хавотир уйғотмоқда. Эроннинг ҳарбий технологияси ва тактик ёндашувлари ўз самарасини кўрсатмоқда, Исроил эса бу таҳдидга қатъий ва қаттиқ жавоб бериш ниятида. Можаро қанчалик давом этиши ва унинг оқибатлари қандай бўлиши ҳозирча ноаниқ, аммо вазият ҳар сония оғирлашиб бормоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар