
Охирги икки кун ичида Яқин Шарқдаги вазият яна кескинлашди. Исроил давлати Эроннинг ядровий имкониятларини йўқ қилиш мақсадида ҳарбий операцияларни бошлади ва бу жараёнда Америка Қўшма Штатларини ҳам жалб этишга уринишларни кескин кучайтирди. Американинг нуфузли Axios нашри 14 июн, шанба куни Исроилдаги икки юқори мартабали манбага таяниб берган маълумотларга кўра, Исроил ҳукумати Вашингтон маъмуриятига сўнгги 48 соат ичида тўғридан-тўғри мурожаат қилган ва Эронга қарши аниқ ҳарбий қадамларда биргаликда иштирок этишга чақирган.
Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, Исроил ҳозирги кунда Эроннинг энг муҳим ҳисобланган — Фордо ядровий объекти каби мустаҳкам ерости иншоотларига зарба бериш учун етарли кучга эга эмас. Мамлакатда бундай махсус бункерлар учун мўлжалланган авиация ёки йирик стратегик бомбардимончи самолётлар мавжуд эмас. Аммо АҚШ бундай ҳарбий техникага эга ва унинг ҳарбий-ҳаво кучлари исталган масофадаги объектларга зарба бериш имкониятига эга, дейилади манбаларда.
Шу билан бирга, Axios таъкидлашича, ҳатто бир объектга қилинган бомбардимон орқали АҚШ ўзини Эронга қарши тўғридан-тўғри уруш муҳитига тортиб қўяди. Аммо агар Фордо каби заводлар фаолиятини давом эттирса, Исроилнинг асосий мақсади — Эроннинг ядровий лойиҳасини бутунлай йўқ қилиш — амалга ошмай қолиши аниқ.
Маълумотларга кўра, 13 июнга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Эрон ҳудудидаги бир қатор стратегик объектларга, жумладан пойтахт Теҳронда жойлашган марказларга ва атом соҳаси билан боғлиқ иншоотларга кучли зарбалар берди. Зарбалар 14 июн куни ҳам давом этган. Эрон расмийлари билдиришича, бу ҳужумлар оқибатида юртимизнинг муҳим ҳарбий ва илмий шахслари ҳалок бўлди. Хусусан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий ва яна бир қатор юқори мартабали ҳарбийлар ҳамда ядрошунос олимлар нобуд бўлган.
Жами ҳалок бўлганлар сони ўнлаб кишини ташкил этаётгани айтилмоқда ва улар орасида фақат ҳарбийлар эмас, балки фуқаролар ҳам борлиги тахмин қилинмоқда. Исроил зарбалари ядровий марказлардан ташқари, эҳтимолий ракета ишлаб чиқариш цехлари, ҳарбий лабораториялар ва командирлар қароргоҳларини ҳам ўз ичига олган.
Мутахассислар бу каби аниқ зарбаларни Исроил ҳарбий разведкаси томонидан олдиндан тайёрланган маълумотлар асосида амалга оширилганини таъкидламоқда. Уларга кўра, Исроилнинг мақсади фақат ядровий инфратузилмани издан чиқариш эмас, балки Эрон ҳарбий раҳбариятини ҳам заифлаштиришдир.
Исроилнинг бу каби кескин ҳаракатлари нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Вашингтондаги сиёсий таҳлилчилар бундай амалиётлар АҚШнинг халқаро имиджига ҳам, Эрон билан ядровий келишув музокараларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Агар АҚШ воқеалар ривожига аралашса, бу нафақат минтақавий, балки глобал миқёсдаги ҳарбий тўқнашувга айланиши мумкин.
Шунингдек, бу вазият АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокара жараёнини ҳам издан чиқариши мумкин. Икки давлат ўртасидаги ядровий келишув (JCPOA) атрофида сўнгги ойларда маълум бир илиқлик кузатилаётганди. Аммо Исроилнинг ҳаракатлари бу мулоқот имкониятларига катта зарба берди.
Ҳозирда Вашингтон жамоатчилиги орасида ҳам бу ҳаракатлар бўйича турли муносабатлар мавжуд. Айримлар Исроилнинг ҳаракатларини хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғри деб баҳоласа, бошқалар АҚШнинг урушга тортилишидан жиддий хавотирда.
Қисқаси, Яқин Шарқ яна қайноқ нуқтага айланмоқда. Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро янги босқичга кўтарилди. АҚШнинг бу вазиятда қандай позицияда қолиши эса бутун дунё учун катта аҳамиятга эга бўлади. Шубҳасиз, бу воқеалар келгуси кунларда глобал геосиёсий мувозанатга таъсир кўрсатади.
Фото: Jack Guez/AFP via Getty Images «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар