
Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар фонида жиддий баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, Исроил Эронга дипломатик йўл орқали келишувга эришиш учун вақт берган, аммо энди ҳарбий ечимни истисно қилмайди.
"Биз Эронга 60 кун вақт бердик, америкаликлар билан музокара қилишди. Бироқ бу даврда Эроннинг олий раҳбари, диктатор Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил йўқ қилиниши кераклигини айтди", — деди Нетаньяху матбуот анжуманида. "Биз бу гапларни эшитдик ва тушундик. Энди эса натижани кўришни хоҳлаймиз", — дея қўшимча қилди у.
Нетаньяхунинг сўзларига қараганда, Исроил эндиликда дипломатияга эмас, ўз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган аниқ қадамларни кўриб чиқмоқда. Исроил раҳбари буни нафақат Эрон таҳдидига жавоб, балки бутун минтақадаги барқарорлик учун кураш деб баҳолади.
Сиёсий кузатувчилар фикрича, бу баёнот Исроилнинг сабр тўпламаси сўнгги нуқтага етганини кўрсатади. Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият тобора кескин тус олаётган бир пайтда, ҳар икки томоннинг ҳарбий тайёргарликлари янги босқичга ўтиши мумкин.
Бу орада халқаро ҳамжамиятнинг диққати ҳам Яқин Шарқдаги вазиятга қаратилиб, дипломатик фаоллик янада жонланиши мумкин. Аммо Исроил раҳбарининг сўнгги чиқиши, эҳтимол, яқин кунларда минтақада янги мураккабликлар бошланишидан дарак бермоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар