
Яқин Шарқда кескинлашган вазият баробарида, Эрон ҳукумати орқа фондда тинчлик ўрнатиш учун жиддий ҳаракатларга қўл ура бошлади. The Wall Street Journal нашри Яқин Шарқ ва Европа расмийларига таяниб хабар қилишича, Эрон воситачилар орқали Исроил ва АҚШдан ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни сўраган.
Маълумотларга кўра, агар АҚШ Исроилнинг ҳужумларида тўғридан-тўғри иштирок этмаслигини кафолатласа, Эрон Вашингтон билан музокараларни қайта тиклашга тайёр эканини маълум қилган. Шунингдек, Теҳрон Исроилга ҳам мурожаат қилиб, зўравонликни тўхтатиш ҳар икки давлат учун манфаатли бўлишини таъкидлаган.
Эронликлар билан суҳбатлашган араб дипломатларининг фикрича, Теҳрон Исроилнинг “толиқтириш уруши”ни узоқ давом эттира олмаслигини яхши англаб етади. Яҳудий давлати эса охир-оқибат дипломатик йўл излашга мажбур бўлиши мумкин. Эрон расмийлари Исроилнинг бу можародан чиқиш учун аниқ стратегияси йўқлигини билдирган. Экспертлар эса ядровий объектларга сезиларли зарар етказиш учун АҚШнинг ёрдами зарурлигини таъкидламоқда.
WSJ маълумотига кўра, агар АҚШ билан музокаралар бўлмаса, Эрон ядро дастурини тезлаштириш ва уруш ҳажмини кенгайтириш билан таҳдид қилган. Бироқ араб воситачиларига кўра, Теҳрон ядровий музокараларда жиддий ён беришга тайёр эканлигининг аниқ аломатларини намоён қилмаган.
Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг баҳолашича, Эроннинг ядровий объектларига берилаётган зарбалар ҳалича катта йўқотишларга олиб келмаган. Шу сабаб Исроил ҳозирча ҳарбий амалиётларни давом эттириш учун барча асосларга эга, дейди таҳлилчилар.
Маълумки, Исроил ва Эроннинг ўзаро ҳужумлари 13 июнга ўтар кечаси бошланди. Яҳудий давлати “Исёнкор шер” ҳарбий операциясини амалга оширмоқда. Унинг доирасида Исроил қўшинлари Эрон ҳудудидаги ядровий ва ҳарбий объектларга бир неча бор зарба берди.
Эрон томони эса бу ҳаракатларга жавобан “Ҳақиқий ваъда 3” номли операцияни бошлади ва Исроилга юзлаб ракеталарни йўллади. Эрон олий раҳнамоси ўз мурожаатида Исроилнинг ҳужумларини жиноят деб атади ва яҳудий давлатини “аччиқ ва даҳшатли тақдир” кутмоқда, деб огоҳлантирди.
Ҳозирда ҳар икки давлат бир-бирига нисбатан ҳужумларни тўхтатгани йўқ. Можаро янада кенгайиши ёки дипломатик ечим топилиши эса халқаро ҳамжамиятнинг фаоллигидан ҳамда йирик давлатлар таъсиридан келиб чиқади. Ҳамма умид тинчлик ва музокараларга боғлиқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар