
Буюк Британияда анъанавий давлат мукофотлари ва рицарлик унвонлари эгалари рўйхати эълон қилинди. Қирол Чарльз III нинг расмий туғилган куни муносабати билан ўтказилган ушбу муҳим тадбирда мамлакатнинг турли соҳаларида катта ҳисса қўшган таниқли шахслар тақдирланди.
Бу йилги совриндорлар орасида инглиз футболининг афсонаси, “Манчестер Юнайтед” ва Англия терма жамоасининг собиқ юлдузи Девид Бекҳэм алоҳида эътироф этилди. 50 ёшли Бекҳэм фақат футболдаги буюк ютуқлари учун эмас, балки жамиятга кўрсатаётган хайрия фаолияти учун ҳам ушбу олий унвонга сазовор бўлди. Бекҳэмнинг ўзи бу каби юксак шараф ҳақида орзу ҳам қилмаганини айтиб ўтди.

Мукофотланувчилар орасида Голливуднинг машҳур ва "Оскар" соҳиби актёри Гари Олдман ҳам бор. “Қора кунлар”, “Сид ва Ненси”, “Жосус, чиқиб кет!” каби машҳур фильмлар юлдузи санъатдаги улкан ҳиссаси учун рицарлик унвонига эга бўлди. Шу билан бирга, “Гарри Поттер” сериясидаги роль ҳам унинг мухлислари сафини янада кенгайтиргани шубҳасиз.
Буюк Британия мусиқа оламининг тирик афсонаси, “The Who” рок-группаси асосчиси ва солисти Рожер Долтри ҳам рицарлик унвонига лойиқ деб топилди. У нафақат ижоди, балки йиллар давомида ўсмирлар саратонига қарши курашиш жамғармасига кўрсатган ёрдами учун ҳам катта эътиборга сазовор бўлди.
Буюк Британия ҳукумати эълон қилган мукофотлар рўйхатида бу йил 1200 нафардан ортиқ давлат арбоблари, санъат ва фан намояндалари, ижтимоий фаоллар ва бошқа соҳалар вакиллари бор. Улар орасида 77 ёшли машҳур қўшиқчи ва актриса Элейн Пейж, ёзувчи Пат Баркер, собиқ мудофаа вазири Пенни Мордонт ҳам бор.
Бу йилги мукофотнинг энг кекса лауреати — 106 ёшли виночилар клуби асосчиси Уилям Ирвин бўлди. У жамият олдидаги хизматлари учун Британия империяси ордени медалини олди. Энг ёш орден соҳибаси эса туғма мушак дистрофиясидан азият чекаётган 11 ёшли Кармела Чиллерй-Уотсон бўлиб, ногиронлар муаммолари ҳақида жамоатчиликда хабардорликни ошириш учун юксак эътирофга лойиқ топилди.
Маълумот учун, Британия империяси ордени 1917 йилда қирол Жорж V томонидан таъсис этилган бўлиб, у беш даражага эга. Фақат юқори икки даража эгалари эркаклар учун “сер” ёки аёллар учун “хоним” олд қўшимчасини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Британиянинг ушбу анъанаси мамлакат тарихида ҳамиша муҳим ўрин тутади ва эл-юртга, фан, спорт, санъат ва жамоатчиликка катта ҳисса қўшганлар хизматларини муносиб қадрлашда давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар