date

Али Хоманаий бункерга яшириниб, Исроил ҳужумига қарши чора кўрмоқда

Али Хоманаий бункерга яшириниб, Исроил ҳужумига қарши чора кўрмоқда
Яқин Шарқдаги тортишувлар янада авж олаётган бир пайтда, Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилди. 16 июн, душанба куни Iran International агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таяниб, Исроилнинг Ислом Республикасига қарши кенг кўламли ҳарбий операцияси бошланганидан бир неча соат ўтиб Хоманаий махсус ер ости бункерига паноҳ топганини маълум қилди. Манба таъкидлашича, бу бункер Теҳроннинг шимоли-шарқидаги Лавизан туманида жойлашган бўлиб, унда нафақат олий раҳбар, балки унинг оила аъзолари ҳам бирга.

Маълумотларга кўра, бу бункер олдинги жиддий низолар — 2024 йил апрел ва октябр ойларидаги Исроилга қарши амалиётлар пайтида ҳам Хоманаий учун асосий бошпана бўлган. Бу гал ҳам Эрон етакчиси ва унинг яқинлари эҳтимолий ҳаво ва ракета зарбаларидан ҳимоя мақсадида шу ерга жойлашгани таъкидланмоқда.

Айтиш керакки, Исроил хавфсизлик кучлари бу операцияни нафақат Эроннинг марказига, балки мамлакатнинг узоқ нуқталаригача кенгайтирмоқда. Хусусан, 15 июн куни Исроил ҳарбийлари 2,3 минг километр узоқликдаги Машҳад аэропортига зарба бергани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Бу зарба Хоманаийнинг “ҳеч қаерда тўлиқ хавфсизлик йўқ” эканини англатиш учун амалга оширилгани айтилмоқда.

Мавзуга АҚШнинг муносабати ҳам катта қизиқиш уйғотди. Reuters агентлигининг хабар қилишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил томонидан Али Хоманаийга қарши амалга оширилиши мумкин бўлган суиқасд режасига қатъий вето қўйган. Оқ уйнинг юқори мартабали расмийларидан бири: “Эронликлар битта америкаликни ўлдирдими? Йўқ. Улар шундай қилмагунча, сиёсий раҳбариятдан (Эрон) ҳеч кимни йўқ қилиш ғояси ҳатто столда ҳам йўқ”, дея баёнот берди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса, АҚШдаги Fox News телеканалига берган интервюсида бу хабарларга мулоҳаза билдириб, “Ҳозир ҳеч қачон бўлмаган суҳбатлар ҳақида жуда кўп ёлғон хабарлар бор ва мен бунга қўшилмоқчи эмасман. Биз қилишимиз керак бўлган ишни қиляпмиз ва қилишимиз керак бўлган ишни қиламиз”, деди. Шунингдек, у Қўшма Штатларнинг манфаатлари ўзлари учун қай даражада муҳим эканини билади, деб қўшимча қилди.

Бу орада, The Wall Street Journal нашри исмини ошкор этмаган исроиллик мулозимга таяниб, Хоманаийга ҳужум қилиш «тақиқланмагани»ни билдирган. Улар, агар бу ҳаракат Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилишга ёрдам берса, мамлакатдаги ҳар қандай стратегик ва эҳтимолий муҳим нишонларга зарба беришга тайёр эканини таъкидлаган.

Яқин Шарқдаги тортишувлар фонида, минтақада хавф ва кескинлик янада ортмоқда. Эрон олий раҳбарининг бункердаги паноҳхонаси ва халқаро майдондаги сиёсий шахмат партияси воқеалар ривожини янада кескинлаштириши мумкин. Оқибатларни эса вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Али Хоманаий бункерга яшириниб, Исроил ҳужумига қарши чора кўрмоқда