date

Трамп Эрон бўйича қарор қаршисида: АҚШда хавотир ва зиддият кучаймоқда

Трамп Эрон бўйича қарор қаршисида: АҚШда хавотир ва зиддият кучаймоқда
Оқ уй деворлари остида яна муҳим ва жиддий масалалар муҳокама қилинмоқда. Америка президенти Доналд Трамп ва унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ўртасида ўтган сўнгги учрашув, расмий манбаларга кўра, бир соатдан ортиқ давом этган ва айни пайтда АҚШ ташқи сиёсатидаги энг долзарб муаммолардан бирига айланган Эрон-Исроил муносабатлари юзасидан ўзига хос нуқта қўйгани йўқ.

17 июн, сешанба куни CNN телеканали тарқатган хабарга кўра, Оқ уйда ўтказилган йиғилишда Трамп Исроилнинг Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий амалиётига АҚШ қўшилиши мумкинлигини жиддий муҳокама қилган. Президент ушбу вариантни шахсан ўрганаётгани маълум бўлди. Бироқ, унинг маслаҳатчилари ушбу масалада ягона фикрга кела олмаётгани маълум қилинди – Оқ уйда бу борада ихтилоф ва қарама-қаршиликлар бор.

CBS Newsнинг Оқ уй мухбири Сара Кукнинг таъкидлашича, ҳатто Трамп атрофидаги кенгашчилар орасида ҳам тўлиқ бирлик йўқ. Бу орасида Америка сиёсий элитасида фикрлар бутунлай бўлиниб кетгани аён бўлмоқда. Кимдир хавфсизлик нуқтаи назаридан эҳтиёткорликни талаб қилса, яна кимдир Эронга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўришни таклиф қилмоқда.

Шу пайтда, CNN маълумотларига кўра, АҚШ сўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасига 30 дан зиёд ҳарбий самолётларини жойлаштирган. Манбалар фикрича, Трамп Америка ҳарбий-ҳаво кучларига Исроил самолётларига ёнилғи қуйиш ёки бошқа логистик ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ бериши мумкин. Бу эса минтақадаги можаро янада авж олиши эҳтимолидан дарак беради.

The New York Times газетаcи эса ўзининг манбаларидан иқтибос келтириб, АҚШ агар Исроилга қўшилиб, Эроннинг Фордодаги муҳим ядровий иншоотига зарба берса, Теҳрон аллақачон Америка базаларига қарши ракета ва бошқа қуролларни тайёрлаб қўйганини маълум қилди. Бу эса можаро кенгайиб кетиши хавфини янада оширмоқда.

Бундан ташқари, Вашингтон Ямандаги ҳусийлар томонидан Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлар кучайиши, Ироқ ва Суриядаги эронпараст кучлар эса у ердаги АҚШ базаларига тўғридан-тўғри зарба беришидан хавотирда. Бу ҳолатда АҚШнинг бутун Яқин Шарқ минтақасидаги манфаатлари хавф остида қолиши мумкин.

Жумладан, экспертлар фикрича, агар Вашингтон ушбу можародан четда қолса, минтақадаги нуфузини йўқотиши эҳтимоли бор. Агар қўшилса, катта ҳарбий тўқнашув ва янги геосиёсий муаммоларга йўл очилиши мумкин.

Оқибатда, АҚШ сиёсий ва ҳарбий элитаси олдида ўта мураккаб танлов турибди: бир томондан, халқаро хавфсизлик ва давлат манфаатлари, иккинчи томондан эса минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш. Кўринадики, Трампнинг ҳар қандай қарори нафақат Америка, балки бутун жаҳондаги вазиятга таъсир кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Эрон бўйича қарор қаршисида: АҚШда хавотир ва зиддият кучаймоқда