
Россия ва Финляндия ўртасидаги чегара яқинида ҳарбий фаоллик кескин ортмоқда. Фин ахборот агентлиги Yle тарқатган маълумотларга кўра, Россия Федерацияси Кандалакша шаҳрида янги ҳарбий гарнизон қурилишини бошлади ва бу орқали ўзининг чегарабўйи мудофаа имкониятларини жиддий мустаҳкамламоқда.
Лупче-Савино номли ҳарбий гарнизон ҳудудида қазиш ишлари олиб борилиб, сунъий йўлдош тасвирларида янги бинолар барпо этилгани аниқланган. Мурманск вилояти расмийларининг сўзларига кўра, бу ҳудудда тўлиқ янги артиллерия бригадаси учун ҳарбий шаҳарча барпо этилмоқда. Бу — Россия томонидан очиқ ифода этилаётган стратегик қадамлардан бири ҳисобланади.
Yle таъкидлашича, гарнизоннинг фақат омбор сифатида ишлатилиши тугатилиб, энди у ерда муҳандислик бригадасининг бўлимлари ҳам жойлаштирилиши кутилмоқда. Бу ўзгаришлар сунъий йўлдош тасвирларида анча вақтдан бери қайд этиб келинмоқда.
Карелиядаги яна бир муҳим нуқта — Саперное гарнизонида эса катта миқдорда янги техника ва ускуналар аниқланган. Журналистик таҳлилларга кўра, бу фаоллик икки асосий омил билан боғлиқ. Биринчиси — фронтга, яъни Украинага жўнатиладиган ҳарбийлар ва техника учун тайёргарлик. Иккинчиси — Финландия билан чегара ҳудудида Россиянинг узоқ муддатли ҳарбий режалари.

Қолаверса, Санкт-Петербург атрофида жойлашган бригадаларнинг таркибий тузилмаси ўзгармоқда: уларнинг аксарияти бўлинмаларга айлантирилиб, сони икки ёки уч баробар оширилмоқда. Бу эса бутун минтақа бўйича ҳарбий кучнинг жиддий кенгайишини англатади.
Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибиснинг маълумот беришича, ҳозирда минтақадаги ҳарбий шаҳарчаларни модернизация қилиш лойиҳасига 42 миллиард рубл (тақрибан 460 миллион евро) ажратиш режалаштирилган. Бунинг натижасида нафақат янги ҳарбий объектлар барпо этилади, балки мавжуд инфратузилма ҳам замонавийлаштирилади.
Аввалроқ, Финландия чегараси яқинида 44-армия корпуси ташкил этилаётгани ҳам маълум қилинган эди. Бу янгилик Россиянинг ушбу ҳудуддаги армиясини камида 15 минг нафарга оширишини англатади. Шунингдек, Петрозаводскда янги темирйўл қўшинлари бригадаси тузилиб, унинг таркибига штаб-квартира ва бир баталён киради. Бундан ташқари, шаҳарда аралаш авиация бўлинмаси ҳам шакллантирилгани қайд этилган.
Агар кенг кўламли Украина уруши бошланишидан олдин Россиянинг Фин чегараси яқинидаги ҳарбий кучлари 30 минг нафар атрофида бўлган бўлса, ҳозирдаги қурилишлар, қайта тузилмалар ва модернизация ишлари натижасида бу рақам 100 минггача етиши мумкин.
Шундай қилиб, Россия нафақат Украина фронтида, балки Европанинг шимолида ҳам ўз ҳарбий мавқеини ошириш, чегарадаги барқарорликка янги босимлар остида ёндашиш ниятида эканини яширмаяпти. Фин экспертлари ва таҳлилчилар бу ҳолатни жиддий хавотир билан кузатмоқда. Бу эса бутун минтақа хавфсизлиги учун янги геосиёсий босқични бошлаб бериши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар