date

Эрон “Сежжил” ракетаси билан Исроилга оғир зарба берди (видео)

Эрон “Сежжил” ракетаси билан Исроилга оғир зарба берди (видео)
Яқин Шарқдаги кескинлашув яна янги босқичга кўтарилди. 2025 йил 18 июнь куни кечаси Эрон биринчи марта стратегик аҳамиятга эга бўлган оғир ва узоқ масофали “Сежжил” баллистик ракеталарини ишга солди. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) таяниб Tasnim агентлиги хабар тарқатди.

Бу зарбалар “Ҳақиқий ваъда 3” деб номланган жавоб операциясининг навбатдаги — 12-тўлқини доирасида амалга оширилди. Унда асосий нишон сифатида Исроилнинг разведка марказлари, ҳарбий қирувчи самолётлар жойлашган базалар ва қатор муҳим инфратузилмалар танлаб олинди. Эрон томони бу зарбаларни “аниқ, тизимли ва тўхтовсиз” деб таърифламоқда.

ИИҚК маълумотларига кўра, аввалги тўлқинларда Исроилнинг Iron Dome каби ҳаво мудофаа тизимлари қисман йўқ қилинган. Энди эса Эроннинг дрон ва ракета ҳаракатлари учун “осмон очиқ” деб баҳоланмоқда. Бу ҳолат, экспертлар фикрича, минтақадаги кучлар мувозанатини жиддий равишда ўзгартириши мумкин.

ИИҚК баёнотида айтилишича, “дўзах эшиклари очилди” ва Исроил ҳудудидаги аҳоли “ер ости бошпаналаридан ташқарида бир лаҳза ҳам қололмайдиган вазият”га келиб қолган. Улар аҳолини босиб олинган ерларни тезда тарк этишга чақириб, “омон қолишнинг ягона йўли – қочиш” деб баён қилди.

Эрон ракета ҳужумидан аввал Исроилдаги муҳожирларни огоҳлантириб, шошилинч тарзда ҳудудни тарк этишни тавсия этди. Бу каби оғир баёнотлар ва ҳаракатлар икки мамлакат ўртасидаги қаршиликни янги фазага олиб кирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Эрон томонидан учирилган “Сежжил” ракетасининг ҳавода ҳаракатланиши акс этган. Ракета ҳавода ҳаракат қилаётганда ўзи ортидан ғайриоддий нурли из қолдирган. Бу кадрлар бутун дунё интернет фойдаланувчилари орасида катта қизиқиш уйғотди.

“Сежжил” ракеталари — икки босқичли, қаттиқ ёнилғига асосланган ва 2,000 км масофани босиб ўта оладиган замонавий баллистик қуроллар ҳисобланади. Эроннинг ҳарбий салоҳиятидаги энг таҳдидли қуроллардан бири бўлган ушбу ракета аввал оммавий равишда фақат парадлар ва синовларда кўрилган эди. Энди эса у биринчи бор ҳақиқий ҳарбий амалиётда қўлланди.

Исроил ҳукумати эса бу ҳужумларга нисбатан ўз реакциясини кечиктирмай билдирди. Исроил мудофаа армияси 13 июнь куни Эроннинг ядровий инфратузилмасига қарши операция бошлагани ва унинг асосий мақсади Теҳроннинг атом дастурини бутунлай йўқ қилиш эканини таъкидлаганди. Бу эса Эрон томонидан кескин жавоб қайтарилишига сабаб бўлди.

Охирги маълумотларга кўра, Эроннинг бу ракетали зарбалари оқибатида Исроилда камида 24 киши ҳалок бўлган, юзлаб фуқаролар тан жароҳати олган. Айни пайтда, Эрон томонида эса қурбонлар сони 270 нафардан ошиб кетгани хабар қилинмоқда.

Бу воқеалар Яқин Шарқдаги янги кенг қамровли ҳарбий тўқнашув хавфини янада кучайтирмоқда. Халқаро экспертлар ва сиёсий таҳлилчилар вазиятни жуда таҳликали деб баҳоламоқда ва икки томонни максимал даражада тийилишга чақирмоқда.

Бироқ ҳозирги шароитда бу чақириқлар самара беришига умид қилиш жуда қийин. Чунки ҳар икки томон ҳам ўз позициясини мустаҳкамлаш ва рақибини жазолаш мақсадида оғир қуроллардан фойдаланишдан тийилмаяпти.

Zamin.uz таҳлилчиларининг фикрича, Эроннинг “Сежжил” ракетасини ишга солиши – фақат ҳарбий зарба эмас, балки сиёсий ва стратегик сигнал ҳамдир. Бу томонлар ўртасидаги қарама-қаршилик энди сўзлар эмас, реал қуроллар воситасида ҳал этилаётган босқичга ўтганини англатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон “Сежжил” ракетаси билан Исроилга оғир зарба берди (видео)