
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан ўтказган мулоқоти чоғида Украина билан бўлажак музокаралар ҳақида муҳим баёнотлар берди. Унинг фикрича, Россия томони барча билан, жумладан, Володимир Зеленский билан ҳам учрашувга тайёр, аммо бу ерда асосий масала ким билан эмас, балки кимнинг имзоси қонуний кучга эга бўлишида, деди у.
Путин таъкидлашича, агар Украинада кимдир музокара олиб бориш ваколатига эга деб тан олинса, у Зеленский ҳам бўлиши мумкин. Аммо жиддий келишувларга эришишда пропаганда эмас, айнан ҳуқуқий асос ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Унинг айтишича, Украина Конституциясига кўра, президент беш йил муддатга сайланади ва ҳатто ҳарбий ҳолат шароитида ҳам президент ваколатларини узайтириш ҳақидаги норма мавжуд эмас. У фақат парламент — Олий Радани назарда тутган ҳолда — ҳарбий ҳолатда ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигини қўшимча қилди.
Россия раҳбари бу ҳақда шундай дейди: «Агар ҳозирги президент конституциявий тартибда легитим эмас деб ҳисобланса, демак, бутун ҳокимият тизими ҳам қонуний эмас. Бу эса ҳар қандай келишувни кейин келадиган раҳбар томонидан бекор қилинишига йўл очади. Биз эса тарихий ва геосиёсий жиҳатдан муҳим масалаларни муҳокама қилаётган эканмиз, бу каби хатарларга йўл қўя олмаймиз.»
Путин, шунингдек, Россия томонидан музокаралар ким билан ўтказилаётгани иккинчи даражали масала эканини билдирди. «Фарқи йўқ — бу амалдаги режим раҳбари бўладими, йўқми — агар у расмий ва қонуний кучга эга эмас экан, унда ҳеч қандай келишув кафолатли бўлмайди», деди у.
Шу билан бирга, Россия президенти учрашув ўтказилиши мумкинлигини таъкидлади. Аммо у «нима бўлса бўлсин учрашайлик» шаклида эмас, балки жараённинг якуний босқичида, аниқ ва ҳуқуқий жиҳатдан тан олинган шахслар билан имзо қўйиш даражасига етганда бўлиши кераклигини урғулади. Акс ҳолда, унинг сўзларига кўра, келишувлар «чиқиндилар қутисини тўлдиради, холос».
Володимир Зеленский эса яқинда Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп билан уч томонлама музокаралар ўтказишни таклиф қилганди. Унинг сўзларига кўра, у ҳар қандай форматдаги мулоқотга тайёр ва бунинг учун ҳеч қандай шарт қўймаяпти.
Шундай қилиб, жаҳон сиёсат майдонида муҳим босқичлардан бири бўлиши мумкин бўлган Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар учун ҳуқуқий ва дипломатик тайёргарликлар янада аҳамиятли бўлиб бормоқда. Путиннинг сўзларидан англашиладики, Москва жиддий келишувларнинг фақат юридик жиҳатдан кучга эга бўлишига эътибор қаратиб, хавфсизлик кафолатларини асосий шарт деб билишда давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар