
Словакияда Украинага ажратилган ёрдам маблағларининг ноқонуний ишлатилиши бўйича йирик коррупция можароси бош кўтарди. Reuters агентлигининг хабар беришича, мамлакатда саккиз нафар шахс, жумладан, Мудофаа вазирлигининг тўрт ходими ушбу иш доирасида полиция томонидан қўлга олинди. Прокуратура ва Европа Иттифоқи органлари тергов ишларини олиб бормоқда.
Можарога сабаб бўлган ҳолат 2022 йилдаги харид билан боғлиқ. Уруш бошланган пайтда Konstrukta номли давлат мудофаа компаниясидан Украина учун 12 минг дона миномёт ўқ-дориси сотиб олинган. Терговчилар ушбу ўқ-дорилар сунъий равишда оширилган нархда харид қилинганини гумон қилмоқда. Прокуратура маблағларни ўзлаштириш ҳажми 7,4 миллион еврога тенг бўлган бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.
Ушбу иш доирасида полиция Словакиянинг собиқ мудофаа вазири Ярослав Надни ҳам ҳибсга олишга уриниб кўрди, бироқ у ўша пайтда мамлакатда бўлмаган. Над айни вақтда Канадада таътилда экани ва ой охирида Ватанга қайтиши кутилмоқда. У ижтимоий тармоқлардаги баёнотида бу ишни “театр” ва “сиёсий буюртма” деб атади.
«Мен Украинага ёрдам берганимдан фахрланаман. Агар зарурат туғилса, яна ҳам шундай қилган бўлардим. Бу фақат инсонийлик ва масъулият масаласи эди. Биз Россия агрессияси қурбонларини ҳимоя қилдик. Эд Хегер ҳукумати эса ўша пайтда тўғри қарор қабул қилган», – деб таъкидлади Над.
Маълумот учун, Ярослав Над 2020 йилдан 2023 йилгача Словакиянинг мудофаа вазири лавозимида ишлаган. Янги ҳукумат – Роберт Фицо бошчилигидаги маъмурият эса сайловдан сўнг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатганини эълон қилган эди.
Ушбу воқеа Словакия жамоатчилигида ҳам, халқаро доирада ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тергов натижалари мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг ҳақиқий кўламини кўрсатиб бериши мумкин. Шу билан бирга, бу иш Украинага кўрсатилаётган халқаро ёрдамлар атрофидаги шаффофлик масалаларини янада долзарб қилиб қўйди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар