date

Эрон–Исроил можароси: ракеталар, портлашлар ва стратегик ҳужумлар таҳдиди

Эрон–Исроил можароси: ракеталар, портлашлар ва стратегик ҳужумлар таҳдиди
Яқин Шарқдаги ҳарбий таранглик яна авж олди. Эроннинг тонгдаги ракетали ҳужумлари Исроилнинг бир неча муҳим нуқталарини нишонга олди. Тел-Авив атрофидаги Гуш Дан ҳудудида учта кучли зарба қайд этилди, Ҳолон шаҳрида бир бино бутунлай қулаб тушди. Яна бир зарба Сорока касалхонаси яқинидаги майдонга берилгани, ҳодисанинг қанчалик жиддий эканидан далолат беради.

Сорока касалхонаси Исроилдаги энг йирик тиббий марказлардан бири бўлиб, айни пайтда Ғазодан келтирилган ярадор аскарларни қабул қилаётган эди. Ҳужумда ракета бевосита касалхонани эмас, ёнидаги бинога урилган. Бироқ портлаш тўлқинлари натижасида касалхона ҳам зарарланган ва тиббиёт ходимлари аҳолини у ерга яқинлашмасликка чақиришга мажбур бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Эрон ракеталарининг бу ҳужуми натижасида Исроилда 47 киши турли даражада жароҳат олган. Исроилнинг тез ёрдам хизмати маълумотларига қараганда, жароҳатланганлардан уч нафари оғир аҳволда, икки нафари ўртача ҳолатда, қолганлари эса енгил жароҳат олган. Айниқса, 18 киши бошпаналарга югуриб кетаётганда турли шикастлар билан шифохонага ётқизилган.

Бундан ташқари, Эроннинг пайшанба кунги ҳужумларида Тел-Авив минтақасидаги Рамат Ган ҳудуди ва Исроил фонд биржаси биноси ҳам зарар кўрди. The Times of Israel нашри хабар беришича, ушбу ҳужумларда камида 20 киши енгил жароҳатланган.

Исроил армияси (IDF) расмий равишда Эрондан учирилган ракеталар Беъер-Шевадаги йирик Сорока касалхонаси ёнига урилганини тасдиқлади. IDF аҳолидан ҳозирча хавфсиз хоналарда ёки умумий бошпаналарда қолишни сўраб, максимал огоҳликка чақирди. Телевидение орқали касалхонадан тутун кўтарилаётгани намойиш этилди, тиббий марказда зарарни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Ал Jazeera телеканали мухбири Нур Одеҳнинг маълум қилишича, Сорока касалхонасига етган зарар бевосита ракета зарбасидан эмас, портлаш тўлқини сабабли юзага келган. Бу Эрон давлат ОАВлари томонидан "нишон касалхона эмас, балки яқиндаги ҳарбий инфратузилма" бўлгани ҳақидаги даъволарни тасдиқлайди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишлардан фарқли равишда, Исроил тез ёрдам хизмати касалхонадан хавфли моддалар сизиб чиқмаётганини расман маълум қилди. Исроил расмийси Тел-Авивдаги Фонд биржаси биноси ҳам зарарланганини қўшимча қилди.

Эрон ахборот агентлиги IRNA тарқатган маълумотга кўра, бугунги тонгдаги ракетали ҳужумнинг асосий нишони — Исроил армияси бош штаби ва разведка маркази (IDF C4I) бўлган. Мазкур объект Беъер-Шевадаги Сорока касалхонаси яқинида жойлашган. IRNA таъкидлашича, касалхонага етган зарар портлаш тўлқини натижасида юзага келган.

Исроил армияси эса жавоб тариқасида, тунда Эрон бўйлаб бир қатор муҳим стратегик объектларга авиаракетали ҳужумлар уюштирганини эълон қилди. Жумладан, Арак шаҳридаги оғир сув реактори, Натанздаги ядровий қурол ишлаб чиқариш объекти, ва баллистик ракеталар учун қисмлар тайёрлайдиган корхоналар нишонга олинган. Ҳарбийлар маълумотларига кўра, ядро реактори муҳрига берилган зарба Эрондаги плутоний ишлаб чиқаришни чеклашга қаратилган.

Якунда, икки томоннинг ўзаро ҳужумлари минтақада хавфли кескинлик ва янги таҳдидлар босқичини бошлади. Исроил ва Эрон ўртасидаги мазкур ҳарбий қарама-қаршилик нафақат минтақанинг, балки бутун дунё жамоатчилигининг диққат марказига айланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон–Исроил можароси: ракеталар, портлашлар ва стратегик ҳужумлар таҳдиди