date

Россия ва Ўзбекистон миграция ва ёшлар масалаларида стратегик ҳамкорликни кучайтирмоқда

Россия ва Ўзбекистон миграция ва ёшлар масалаларида стратегик ҳамкорликни кучайтирмоқда
Россия президенти Владимир Путин дунёнинг етакчи ахборот агентликлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда Россия ва Ўзбекистон ўртасида миграция ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Путин ўз сўзида Ўзбекистонда аҳоли ўсиши ва меҳнат бозоридаги муаммоларни ҳал қилиш учун икки давлат ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришини таъкидлади.

«Ўзбекистонда 30 йил аввал 15-18 миллион одам яшаган бўлса, ҳозир аҳоли сони 38 миллиондан ошиб кетди. Бу ҳар йили тахминан 1 миллионга кўпайиб бормоқда. Демак, ўзгаришлар жуда тез суръатда рўй бермоқда», — деди Путин.

Россия раҳбари меҳнат бозори ва ижтимоий соҳалардаги муаммоларни ўзаро келишув асосида ҳал этиш зарурлигини қайд этди: «Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев билан миграция масалаларини биргаликда ечишга келишиб олдик. Россияда ишлаш истагида бўлганларни олдиндан тайёрлаш ва йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорлик қилишимиз шарт. Бу нафақат рус тили ва маданиятини ўрганиш, балки умумий режа бўйича аниқ ишларни ўз ичига олади. Умид қиламанки, ушбу лойиҳаларни бирга амалга оширамиз».

Путин ёшлар билан ишлаш ҳам стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У, айниқса, Россия ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини билдириб ўтди: «Ёшлар билан ишлаш муҳим ва жуда қимматли. Бу йўналишда икки мамлакат ўртасида фаол мулоқот йўлга қўйилган. Билишимча, Шавкат Миромоновичнинг ёрдамчиси Саида Шавкатовна Москвада бўлиб, Россия ҳукумат ва Президент администрациясидаги ҳамкасблар билан учрашувлар ўтказган. Президент топшириғи асосида, ёшлар ўртасида алоқаларни кенгайтириш, янги лойиҳалар ва ташаббусларни ривожлантириш мақсад қилинган».

Россия президенти икки давлат ўртасидаги ёшлар йўналиши энг муҳим устуворликлардан бири экани ва бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқилаётганини ҳам таъкидлади.

Шу тариқа, Россия ва Ўзбекистон нафақат миграция, балки ёшлар сиёсати ва маънавий-маърифий алоқалар соҳасида ҳам стратегик ҳамкорликни кучайтириш, умумий мақсадлар сари биргаликда ҳаракат қилишга қарор қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ва Ўзбекистон миграция ва ёшлар масалаларида стратегик ҳамкорликни кучайтирмоқда