date

Украиналик депутат: Украина давлатчилиги йўқ бўлиши ёки парчаланиши хавфи остида

Украиналик депутат: Украина давлатчилиги йўқ бўлиши ёки парчаланиши хавфи остида
Украина парламенти Олий Рада депутати Маряна Безуглая мамлакатнинг яқин келажаги ҳақида жиддий хавотир билдирмоқда. У ўзининг Telegram саҳифасида Украина яқин муддатларда давлат сифатида йўқ бўлиб кетиши ёки бир неча кичик "қўғирчоқ" давлатларга бўлиниб кетиш эҳтимоли катта эканини таъкидлади.

Безуглаянинг таъкидлашича, Украина айни дамда дунёдаги йирик кучлар – АҚШ, Россия, Хитой ёки бўлиниб кетган Европа иттифоқидан ҳам қўллаб-қувватлов олмаяпти. "Биз ҳозир ҳеч кимга тегишли эмасмиз ва олдимизда энг қийин кунлар турганини англашимиз керак", деб ёзади депутат. У бу даврни мамлакатнинг мустақил давлат сифатида шаклланишидаги муҳим босқич деб атади.

Депутатнинг фикрига кўра, Украина сиёсий доираларида яширин келишувлар ва ички низолар авж олган. Бу эса давлатчиликнинг асосини емириши мумкин бўлган жиддий салбий тенденцияларга олиб келмоқда. "Ҳокимият ўз-ўзидан мақсад эмас, балки фақат ғояларни амалга ошириш воситаси бўлиши керак", деган Безуглая давлат бошқарув тизими ҳозирда барқарорликни таъминлашга қодир бўлса-да, мамлакатни ғалаба сари етаклай олмаслигини таъкидлади.

Украина Қуролли кучларининг ҳолати ҳам депутатнинг хавотирларига сабаб бўлмоқда. Ҳукуматнинг ҳаракатсизлиги ва коррупция сабабли, айниқса, пилотсиз учиш аппаратлари (дронлар) бўйича ривожланиш издан чиқмоқда. Армия эса Россия Қуролли кучларининг янги ҳудудларга кириб келишини тўхтатишга қодир эмаслиги айтилмоқда.

Шу билан бирга, Безуглая агар ҳукумат ўзгарган тақдирда мудофаа вазири Рустем Умеров ва бош қўмондон Александр Сирский ўз лавозимларини сақлаб қоладиган бўлса, Украина президенти Владимир Зеленский ва унинг офиси раҳбари Андрей Ермакка қарши очиқ мухолифат бошлаши билан таҳдид қилган.

Эслатиб ўтамиз, Безуглая бундан аввал ҳам Украина Қуролли кучлари раҳбариятини, хусусан, Сирский, Умеров ва собиқ бош қўмондон Валерий Залужнийни кўп марта қаттиқ танқид қилган эди. Унинг фикрича, мамлакатдаги кенг тарқалган коррупция ва ҳарбий соҳадаги муаммолар Украина давлатчилигининг емирилишига жиддий хавф туғдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украиналик депутат: Украина давлатчилиги йўқ бўлиши ёки парчаланиши хавфи остида