date

Телефон дипломатияси: Эрон ва АҚШ ўртасида сирли алоқалар

Телефон дипломатияси: Эрон ва АҚШ ўртасида сирли алоқалар
Яқин Шарқдаги шиддатли вазият фонида Эрон ва АҚШ дипломатлари ўртасида кўзга кўринмас, бироқ аҳамиятли мулоқотлар давом этмоқда. Reuters агентлигининг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Стив Уиткофф сўнгги ҳафталарда бир неча марта телефон орқали суҳбатлашган.

Бу мулоқотларнинг биринчи қўнғироғи Вашингтон ташаббуси билан амалга ошган. Унда АҚШ махсус вакили Яқин Шарқдаги инқирозни бартараф этиш бўйича янги таклиф билан чиққан. Суҳбат чоғида асосий эътибор Теҳронга илгари берилган таклиф – уранни бойитиш бўйича минтақавий консорциум тузиш ғоясига қаратилган. Эрон бу таклифга аввалги позициясига содиқ қолиб, уни рад этиб келаётган эди.

Манбаларга кўра, шу ҳафта бўлиб ўтган суҳбатлар айни пайтгача ўтказилган музокаралардан мазмунан фарқ қилди. Арағчи АҚШ вакилига шундай деган: агар АҚШ Исроилга босим ўтказиб, ҳужумларни тўхтатса, Теҳрон ядровий масалада муросага тайёрлигини кўрсатиши мумкин. Акс ҳолда Эрон музокараларга қайтишни маъқулламайди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Эрон ядро дастури бўйича беш босқичли музокара олиб борган. Бироқ, 15 июн куни ўтказилиши керак бўлган навбатдаги учрашув бекор қилинди. Сабаби — Исроилнинг 13 июн куни “Исёнкор шер” номи остида Эроннинг ядровий ва мудофаа объектларига қарши ҳужум бошлаши бўлди. Бу воқеа икки томон ўртасида очиқ ҳарбий қарама-қаршиликнинг бошланишига олиб келди.

Сўнгги дипломатик мулоқотлар эса можарони юмшатиш ва эҳтимолий ядро келишувини тиклашда сўнгги умид сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирда дунё жамоатчилиги Эроннинг ядро дастури борасидаги қарорлари ва АҚШнинг бу жараёндаги нақадар фаол бўлишига катта эътибор қарата бошлади.

Кўзлар энди Вашингтон ва Теҳронда — янги келишув бўладими ёки низо янада кучаядими?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Телефон дипломатияси: Эрон ва АҚШ ўртасида сирли алоқалар