date

Илон Маск АҚШдан чарчадими? Россиядан бошпана сўрагани ростми?

Илон Маск АҚШдан чарчадими? Россиядан бошпана сўрагани ростми?
Дунёдаги энг машҳур технологлардан бири, SpaceX ва Tesla компаниялари асосчиси Илон Маск атрофидаги воқеалар яна жамоатчилик марказида турибди. Бу сафар у АҚШда эмас, балки Россиядаги сиёсий муҳитда баҳс мавзусига айланди.

Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванковнинг маълум қилишича, Ташқи ишлар вазирлиги Илон Маскка сиёсий бошпана бериш ҳақидаги расмий сўровни қабул қилган. Унга кўра, расмий жавоб бир ой ичида тақдим этилиши кутиляпти.

— Менимча, Илон Маск айрим хатоларга йўл қўйган, аммо бундай инсонларни кечира олишимиз керак. Агар бошпана берилмаса ҳам, биз уни доимо кутамиз. Унинг технологик фикрлаш қобилияти, глобал муаммоларга ёндашуви ва келажакни олдиндан кўра олиши — бу жуда катта қадрият, — деди Даванков.

Маскнинг Россияга бошпана сўраши билан боғлиқ воқеаларнинг илдизи АҚШдаги ички сиёсий зиддиятларга бориб тақалади. Жорий йилнинг июнь ойида у АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф этган янги давлат бюджети ҳақида кескин танқидий фикр билдирган эди. У ушбу қонун лойиҳасини “жирканч” деб атаган ва унинг Америка иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Трамп эса, ўз навбатида, Маскнинг бу сўзларига кескин жавоб қайтарган. Президент тадбиркорни электромобиллар учун имтиёзлар бекор қилинаётгани сабаб бунчалик танқидчига айланганликда айблаган. Маск эса бунга жавобан Трампни “ёлғончи” деб атаган ва унинг сиёсий позициясини очиқ танқид остига олган.

Орадан кўп ўтмай, Маск ўз хатти-ҳаракатлари учун оммавий равишда узр сўради ва “ҳаддан ошиб кетганини” тан олди. Бу қадам АҚШда турлича баҳоланди. Трамп эса унинг кечирим сўрашини “самимий ва инсоний” деб баҳолади.

Бу воқеалар замирида Маскнинг АҚШдаги сиёсий муҳитдан чарчагани ва янги хавфсизлик нуқталарини қидираётгани ҳақидаги фаразлар пайдо бўлди.

Айни пайтда, Россия ҳукумати бу сўровга қандай муносабат билдиради — бу барча оммавий ахборот воситалари ва халқаро кузатувчилар диққат марказида. Агар Илон Маскга сиёсий бошпана берилса, бу нафақат технология оламида, балки геосиёсий майдонда ҳам катта шов-шувга айланиши шубҳасиз.

Мутахассисларнинг фикрича, бу воқеа Маск шахсиятининг нафақат бизнес, балки сиёсий соҳада ҳам жуда катта таъсир кучига эга эканини яна бир бор исботлаб берди. Эндиликда унинг Россия билан қандай муносабат қуриши, АҚШдаги нуфузига қандай таъсир қилиши алоҳида диққат билан кузатиб борилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илон Маск АҚШдан чарчадими? Россиядан бошпана сўрагани ростми?