date

Исроил армияси Фаластинда кенг кўламли рейд ўтказди — уйлар босилди, аҳоли кўчирилди

Исроил армияси Фаластинда кенг кўламли рейд ўтказди — уйлар босилди, аҳоли кўчирилди
Ғазаб ва кураш оловида ёнаётган Яқин Шарқ яна бир жиддий кескинлик остида. Исроил ҳарбийлари Фаластиннинг бир неча ҳудудида кенг кўламли операция ўтказди. Хусусан, Арура ва Абвейн шаҳарлари, шунингдек, Рамаллоҳ яқинидаги Нубани фермаларида юзлаб ҳарбийлар иштирокида рейдлар амалга оширилди.

Фаластин Ахборот маркази тарқатган маълумотларга кўра, операция давомида Исроил қўшинлари турли биноларни эгаллаб олди, уй-жойларда тинтув ўтказди ва кўплаб фуқароларни ҳибсга олди. Айрим ҳолатларда уй эгалари мажбуран кўчирилиб, турмуш маконлари вақтинчалик ҳарбий базага айлантирилди.

Маҳаллий фаоллар шаҳарлар киришида блокпостлар ўрнатилганини, транспорт ҳаракати чекланганини ва ҳарбий кучлар ҳозирги кунда ўта юқори даражада фаол эканини тасдиқлади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу ҳаракатлар Исроил-Эрон кескинлашуви фонида амалга оширилмоқда. Маълум бўлишича, Эронга қарши "Исёнкор шер" номли ҳарбий операция бошланганидан кейин, Исроил армияси Хеврон, Женин, Рамаллоҳ ва Калкилиядаги уйларни босиб олиб, тинч аҳолини чиқариб юборган ва у ерга ўз аскарларини жойлаштирган.

Бунга жавобан фаластинлик фаоллар Исроилни фуқаролардан "тирик қалқон" сифатида фойдаланишда айбламоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид ҳисобланади. Youth Against Settlements гуруҳининг баёнотига кўра, “армия хавфсизлиги фаластин болаларининг ҳаётидан устун қўйилмоқда”.

Бу ҳолат Исроилнинг ҲАМАСга қарши айтган айбловлари билан зиддиятли тарзда кўзга ташланмоқда. Исроил раҳбарияти ушбу ҳаракатларни хавфсизликни таъминлаш деб баҳоласа-да, Фаластиндаги фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни аҳолини қасддан хатарга қўйиш деб баҳоламоқда.

Исроил ва Эрон ўртасидаги зарба алмашинувлар кейинги кунларда тобора авж олмоқда. Икки мамлакат ҳам бир-бирига қарши амалга оширилган зарбалар натижасида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар борлигини маълум қилган. Ушбу уруш хатти-ҳаракатлари нафақат минтақадаги тинч аҳолига, балки бутун Яқин Шарқ геосиёсий барқарорлигига ҳам жиддий таҳдид солмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил армияси Фаластинда кенг кўламли рейд ўтказди — уйлар босилди, аҳоли кўчирилди