date

Европа Эронни ҳалокатдан қутқармоқдами? Женевада муҳим музокаралар ўтди

Европа Эронни ҳалокатдан қутқармоқдами? Женевада муҳим музокаралар ўтди
Женевада Эрон ва Европа давлатлари ўртасида шиддатли музокаралар бўлиб ўтди. 20 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Эрон ва “Yevrotrio” (Буюк Британия, Франция, Германия) ҳамда Европа Иттифоқи дипломатлари иштирокида юзма-юз учрашув амалга оширилди. Бу ҳақда нуфузли “Financial Times” нашри хабар берди.

Бу учрашув Исроилнинг 13 июнь кунидан бошлаб Эронга қарши ҳарбий операцияларини бошлаганидан кейин Теҳроннинг Ғарб дипломатлари билан ўтказган илк расмий мулоқоти бўлди. Музокаралар асосан Эроннинг ядровий дастури ва баллистик ракеталарга оид фаолияти юзасидан олиб борилди.

Ғарб Эронни музокарага қайтармоқда

Музокаралар айнан шу вақтда — АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилга қўшимча ҳарбий ёрдам юбориш масаласини муҳокама қилиш учун икки ҳафталик танаффус олган пайтга тўғри келди. Мухлислар ва сиёсий таҳлилчилар буни тасодиф деб ҳисобламайди.

Экспертлар маълумотларига кўра, Исроил ҳар куни Эрон билан урушда тахминан 200 миллион долларгача маблағ йўқотмоқда. Бу эса Исроилнинг узоқ давом этадиган ҳарбий ҳаракатларни мустақил тарзда давом эттириш имкониятини жиддий синовга қўяётганини англатади.

Европа: "Бошқача йўл бор"

Европа Иттифоқи ва “Yevrotrio” давлатлари ушбу учрашувни Эронни сиёсий ечимга ундаш, минтақадаги кескинликни юмшатиш ва уни АҚШ бомбардимонларидан ҳимоя қилиш имконияти сифатида баҳоламоқда.

“The Washington Post” нашрининг дипломатик манбаларига кўра, Эрон бугунги кунда ўзининг сўнгги йиллардаги энг заиф ҳолатига тушган ва айнан шу ҳолат Ғарб учун уни музокараларга қайтаришда нодир имконият яратган.

Франция президенти Эммануэль Макрон эса музокаралар муҳимлигига алоҳида урғу бериб, шундай деган:

“Ядровий инқирозни фақат ҳарбий зарбалар орқали ҳал этиб бўлмайди. Эрондаги баъзи объектлар қаттиқ ҳимояланган. Шу билан бирга, ҳеч ким 60 фоиз бойитилган уран айнан қаерда эканини аниқ била олмаяпти. Бизга техник назорат ва сиёсий келишув керак.”

Исроил-Эрон урушида ҳалокатли йўқотишлар

Маълумотларга кўра, 13 июнь куни Исроил Эроннинг бир нечта шаҳарларига – ядровий иншоотлар ва юқори даражали ҳарбий раҳбарлар жойлашган нуқталарга кенг кўламли ҳаво зарбаларини амалга оширди. Бу ҳужум натижасида Эрон бош штаби раҳбари, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC)нинг юқори лавозимли қўмондонлари, тўққиз нафар етакчи ядро олими ва бошқа муҳим шахслар ҳалок бўлди.

Эрон расмий маълумотларига кўра, 13 июндан буён мамлакатда камида 585 киши ҳалок бўлган, 1300 дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган.

Жавоб тариқасида Эрон Исроилга нисбатан баллистик ракеталар билан зарба берди. Оқибатда 24 киши ҳалок бўлган, 500 дан зиёд одам жароҳатлангани маълум қилинди.

Женева музокаралари халқаро сиёсий саҳнада муҳим бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Европа томонининг ҳаракатлари нафақат минтақадаги кескинликни юмшатиш, балки кенг қамровли ядровий муаммони тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиш сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, бу музокаралар Эрон учун яна бир бор дунёдаги изоляциядан чиқиш имкониятини бериши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа Эронни ҳалокатдан қутқармоқдами? Женевада муҳим музокаралар ўтди