
Жанубий Исроилда жойлашган Beэр-Шева шаҳрида воқеа рўй берди — Эрон томонидан йўлланган баллистик ракета Microsoft компанияси офисларидан бири жойлашган бинога зарба берди. Бу ҳақда Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA маълум қилди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) вакилларининг таъкидлашича, зарба оқибатида бино тубдан вайрон бўлган, ундан сўнг кучли ёнғин келиб чиққан. "Microsoft корпорацияси Beэр-Шевага отилган атиги битта ракета билан йўқ қилинди. Режимга кўмаклашишнинг оқибатлари бор!" – дейилади расмий баёнотда.
Мазкур ҳужум 20 июнь тонгида Эрон томонидан Исроилга йўлланган баллистик ракеталар ва камикадзе дронлардан бири сифатида амалга оширилган. Улардан бири Beэр-Шевадаги Гав-Ям Негев технопарки ҳудудига тушган. Шу ерда Исроил Мудофаа Кучлари кибербошқаруви штаби, разведка маркази ва Алоқа ҳамда ахборот технологиялари корпуси жойлашган.
Исроил оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 18 киши тан жароҳати олган, бир нечта биноларга путур етган. Beэр-Шева шаҳри стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у ерда Неватим ҳарбий авиабазаси ҳам жойлашган.
Айни вақтда Исроил ҳам жавоб зарбасини амалга оширди. 20 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Теҳронга ва унинг атрофидаги бир қатор ҳудудларга ҳаводан ҳужум қилди. Зарбалар ядро тадқиқот марказлари, ракета ва ракета двигателлари ишлаб чиқариш объектлари ҳамда Эроннинг СПНД илмий марказига қаратилган.
Мудофаа Кучларининг маълумотларига кўра, ушбу ҳужумда 60 дан ортиқ ҳарбий самолёт қатнашиб, 120 дан зиёд ўқ-дори ташлаган. Исроил ўз баёнотида ҳужумларнинг асосий мақсади Эроннинг ҳарбий-саноат инфратузилмасини заифлаштириш бўлганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 13 июнга ўтар кечаси "Исёнкор шер" номли махсус ҳарбий операцияни бошлаган эди. Шундан сўнг икки томон ўртасидаги ҳужумлар босқичма-босқич авж олди ва ҳозирда кескинлик юқори нуқтага етиб келган. Ҳар икки давлат ҳалок бўлганлар ва жабрланувчилар борлигини тан олган.
Эҳтимол, келгуси кунларда ҳужумлар яна давом этиши мумкин. Бу эса нафақат минтақавий барқарорлик, балки глобал хавфсизлик учун ҳам жиддий хавф туғдириши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар