
Астрономия фанини севувчилар учун тарихий воқеа: илк бор сунъий Қуёш тутилиши намойиш қилинди. Европа космик агентлиги маълум қилишича, Ер орбитасида ҳаракатланаётган икки сунъий йўлдош орқали ушбу илмий эксперимент муваффақиятли амалга оширилди.
Таъкидланишича, тажриба Қуёшнинг фаоллиги юқори бўлган даврларда технология тизимларига таъсирини ўрганиш мақсадида ўтказилган. “Синов-3” миссияси доирасида икки космик аппарат 150 метр масофада бир неча соат давомида бир-биридан аниқ масофани сақлаган ҳолда ҳаракатланди. Улардан бири иккинчисининг оптик ускуналари олдида Қуёшни тўсиб, 8 сантиметрли сунъий соя ҳосил қилди.
Айнан шу йўл билан олимлар Қуёш тожи — яъни юлдузнинг ёруғлик билан тўлиқ ёритилмаган ташқи атмосфера қисми тасвирини олишга муваффақ бўлишди. Қуёш тожини кузатиш орқали Қуёш шамоли — яъни космосга тарқаладиган заррачалар оқимини ўрганиш, шунингдек, коронал портлашларни яхшироқ тушуниш имконияти пайдо бўлади.
Мутахассислар таъкидлашича, Қуёшдаги юқори фаоллик нафақат қутб ёғдусини юзага келтиради, балки замонавий алоқа, электр узатиш ва навигация тизимларига жиддий хатар солиши мумкин.
“Бу тажриба жараёнида биз Қуёшда анъанавий методлар билан кўра олмайдиган янги деталларни аниқлашга эришдик. Илк маълумотларни қўлга киритиш ҳайратланарли даражада ҳаяжонли бўлди”, — деди лойиҳа олимларидан Жо Зендер.
Энг қизиғи — табиий Қуёш тутилиши йилига бор-йўғи бир марта рўй берса, сунъий тутилишни ҳар 19,6 соатда қайта ташкил этиш мумкин. Ундан ташқари, сунъий соялаштириш жараёнини 6 соатгача узайтириш мумкин, бу эса табиий тутилиши давомийлигидан анча узун.
Лойиҳа раҳбари Дамиен Галано сўзларига кўра, ҳозирда тажриба қурилмалари синов босқичида, бироқ йўлдошлар ҳаракатининг синхронлашуви туфайли тарихдаги илк сунъий Қуёш тутилиши расмга олинди. Ушбу кадрлар олимлар ҳамжамияти учун улкан илмий қадам бўлиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро Ер обсерваторияси Ернинг айланиши тезлашганини қайд этган эди. Бу туфайли кунлар узунлиги қисқарган ва мутахассислар бу ҳолатни 1960 йилдан бери йиғилган маълумотлар асосида аниқлашган.
Инновацион технологиялар инсониятга энди Қуёшни ҳам сунъий равишда “тутиш” имконини бермоқда. Космосдаги ҳар бир қадам бизга етарлича табиат сирларини очиб бермоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар