
Исроил томонидан аввал зарба беришнинг имкони бўлмаган Фордо ядровий мажмуасига бу сафар АҚШнинг бункерларга қарши мўлжалланган замонавий Б-2 бомбардимончи самолётлари орқали ҳужум қилинди. Бу билан америкаликлар амалан исроилликлар амалга ошираётган операцияларга қўшилди. АҚШ раҳбари эса бу ҳақдаги билдирувида: «Энди тинчлик вақти етди», – дея таъкидлади.
Америка президенти Доналд Трамп мамлакат ҳарбий авиацияси Эронда жойлашган учта муҳим ядровий иншоот — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга ҳаво зарбалари берганини эълон қилди. Унинг айтишича, Фордо мажмуасидаги асосий нуқтага «барча зарур бомбалар ташланган». Бу ҳақда у шахсий Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Биз Эрондаги учта асосий ядровий нуқтага жуда самарали зарба бердик», — деб ёзади Трамп ўз постида.
Президентнинг таъкидлашича, ҳужумда қатнашган самолётлар ҳозирда Эрон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган ва АҚШ ҳарбий базаларига қайтиш ҳаракатида.
«Ҳамма самолётлар уйга қайтмоқда. Мард америкалик ҳарбийларимизни табриклаймиз! Бу каби амални дунёда ҳеч бир армия бажара олмас эди. Энди тинчликнинг келган вақти!» — дейди Трамп.
Кейинги постларидан бирида у бу воқеани АҚШ, Исроил ва дунё учун «тарихий босқич» деб атади. «Эрон энди урушни тўхтатишга рози бўлиши керак», – деб қўшимча қилади у.
BBC News ва CNN агентликлари эътиборини тортган яна бир хабарда, Трамп ўз саҳифасида: «Фордо энди мавжуд эмас», — деб ёзилган пости билан ўртоқлашгани қайд этилди.
Ахборот манбаларидан бири — Axios'нинг маълум қилишича, Эрон ҳудудига зарбалар берилиши олдиндан Исроил томонига билдирилган. Исроил расмийларидан бири, зарба пайтида Б-2 русумидаги бомбардимончи самолётлар қўлланганини маълум қилган. Бу маълумотни америкалик расмий ҳам Reuters агентлигига тасдиқлаган. CNN манбаларига кўра, Трамп ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу зарбалардан кейин телефон орқали мулоқот қилган.
Fox News телеканали маълумот беришича, АҚШ ҳарбийлари Фордо ядровий иншоотига 6 та бункербузар бомба ташлаган, шунингдек, Исфаҳон ва Натанздаги объектларга 30 та Tomahawk ракета йўллаган.
Кўп ўтмай Эрон расмийлари ҳам бу ҳужумларнинг амалга оширилганини тасдиқлади. Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абединий жонли эфирда чиқиш қилиб, мазкур учта ядровий объект «бироз вақт аввал» эвакуация қилинганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу зарбалар катта зарар келтирмаган, чунки муҳим материаллар олдиндан кўчирилган.
Тасним агентлиги эса Қум вилояти расмийсига таяниб, Фордо ядровий мажмуасининг бир қисмига ҳаво ҳужуми бўлганини хабар қилди. «Қум ҳаво мудофаа тизими бир неча соат аввал фаоллаштирилди, душман нишонлари аниқлангач, Фордо иншоотининг бир қисми зарбага учради», – деб билдирган Қум вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили. Шунингдек, Исфаҳон вилояти ҳокими ўринбосари Акбар Солиҳий ҳам Натанз ва Исфаҳонда портлашлар содир бўлганини, ҳужумлар ядровий объектлар яқинида бўлганини маълум қилган.
CNN телеканали ўз манбаларга асосланиб, Трампнинг бу ҳужумлар орқали Теҳронни музокараларга қайтаришни истаганини ёзади. Шу боис у ҳозирча янги ҳужумлар режасини кўриб чиқмаяпти. Манбалар таъкидлашича, сўнгги кунларда Трамп Эрондаги мустаҳкамланган ядровий иншоотларни йўқ қилиш учун ҳарбий куч қўллашга жиддий ишонч ҳосил қилган. Унинг фикрига кўра, дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳеч қандай натижа бермаётган бир пайтда бундай қарор қабул қилиш зарур бўлган.
Маълумот учун: Фордо уранни бойитиш иншооти 2000-йилларда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базасида қурилган. У Қум шаҳридан тахминан 20 км шимоли-шарқда, тоғ ичида 90 метр чуқурликда жойлашган. 2025 йилда Эрон Натанздаги янги, шунга ўхшаш иншоот қурилишини бошлагани ва яқин орада фаолиятини бошлаши кутилвётгани ҳақида хабар берилган эди. У ерда уранни юқори даражагача бойитишга хизмат қиладиган центрифугалар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, Исроил томонидан 13 июнь куни берилган зарбалар арафасида Эрон Исфаҳонда яна бир центрифуга мажмуасини очишини эълон қилган эди.
Оқ уй расмийлари 19 июнь куни АҚШ президенти Эронга нисбатан зарбаларга қўшилиш масаласида икки ҳафта ичида қарор қабул қилишини маълум қилган эдилар. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар