
Дунё яна хавотир ичида. АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғига асосан Америка ҳарбий кучлари Эроннинг учта стратегик ядровий иншоотига аниқ ва ҳал қилувчи зарбалар берди. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social тармоғида расман маълум қилди.
“Биз зарбаларни муваффақиятли амалга оширдик. Ҳамма самолётлар ҳозирда хавфсиз равишда Эрон ҳаво ҳудудидан ташқарида. Фордога асосий зарба берилди. Бундай аниқ ва мураккаб операцияни дунёда бошқа ҳеч бир армия амалга ошира олмасди”, — деб ёзди АҚШ президенти.
Fox News'нинг хабарига кўра, Фордодаги ядровий мажмуага Б-2 Spirit стратегик бомбардимончилари томонидан 6 та бункер-тешувчи бомба ташланган. Бундан ташқари, яна икки объектга 640 км узоқликдаги АҚШ сувости кемаларидан 30 та Tomahawk ракетаси йўлланган. Барча ҳужумлар бир вақтнинг ўзида, тинимсиз режалаштирилган ҳарбий ҳамкорлик асосида амалга оширилган.
АҚШ ва Исроилнинг ҳамкорликдаги операцияси
Бу катта ҳарбий амалиёт фақат Вашингтоннинг эмас, балки Тель-Авивнинг ҳам қизғин иштирокида амалга оширилган. Трамп ўз чиқишида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга алоҳида миннатдорлик билдирди:
“Мен бош вазир Нетаньяхуга чуқур миннатдорлик билдираман. Биз бир жамоа сифатида жуда яқин ва самарали ишладик. Бу Исроил хавфсизлигини таъминлаш йўлида катта тарихий қадам бўлди”, — деди у.
Эрон олдида ультиматум: тинчлик ёки катта фожеа
Трамп ўз сўзларида Эронга жиддий огоҳлантириш ҳам йўллади. Унга кўра, агар Теҳрон тинчликка мойиллик билдирмаса, кейинги зарбалар аввалгисидан ҳам кескинроқ бўлади:
“Эрон энди тинчликни танлаши керак. Агар шундай бўлмаса, кейинги ҳужумлар кўпроқ нишонлар, кўпроқ куч ва анча даҳшатли оқибатлар билан бўлади. Биз тайёрмиз”, — деб аниқ баёнот берди АҚШ раҳбари.
Шу билан бирга, Трампнинг таъкидлашича, бу операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядро қуролини бойитиш имконини чеклаш ва "терроризмнинг энг йирик ҳомийси" сифатида дунёга хавф солаётган мамлакатнинг имкониятларини заифлаштиришдан иборат.
Дунёнинг энг кучли армияси Эрон ядро салоҳиятига жавобан кўп йиллик тоқатдан сўнг аниқ зарба берди. Бу нафақат минтақадаги, балки бутун дунёдаги хавфсизлик муҳитини кескин ўзгартириши мумкин. Эндиликда энг асосий савол: Теҳрон бу ҳужумларга қандай жавоб қайтаради? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар