
Яқин Шарқдаги кескин геосиёсий вазият янада чигаллашди: Эрон–АҚШ муносабатларидаги навбатдаги кескин бурилиш бутун дунё эътиборини тортиб турибди. Эрон давлат телерадиокомпанияси IRIB хабарига кўра, АҚШнинг кутилмаган зарбасидан олдин Эрон Натанз, Исфаҳон ҳамда Фордо каби стратегик аҳамиятга эга бўлган ядровий объектларни ўз вақтида эвакуация қилган.
Фордо — энг муҳим нуқтадаги махфий иншоот
Алоҳида урғу Фордо иншоотига қаратилади. Бу объект мамлакатнинг маънавий маркази — Қум шаҳридан бор-йўғи 30 км узоқликда, ер остида 60–100 метр чуқурликда жойлашган. У ерда IR-1 ва IR-6 турдаги центрифугалар фаолият кўрсатар, бойитилган уран тайёрланар эди. Эрон томони мазкур объектни 2006 йилдан бери катта махфийликда қуриб келган ва унга бир неча миллиард доллар сарфлаган.

Фордо уранни бойитиш иншооти
Reuters агентлигига кўра, Эрон расмийлари Фордо объектдаги бойитилган уранни олдиндан номаълум жойга кўчирган. Персонал сони эса кескин қисқартирилган. Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги тасвирлар ҳам икки кун олдин иншоот яқинида ғайритабиий ҳаракатлар бўлганини тасдиқламоқда.

АҚШ ва Исроилнинг бирлашган стратегияси
Можаро, авваламбор, Исроилнинг Эрон ядро дастурини йўқ қилиш мақсадида йўлга қўйган амалиётлари билан бошланган. Яҳудий давлати Натанз ва Исфаҳон каби объектларга зарбаларни амалга оширган бўлса-да, Фордо ер остидаги мустаҳкам қурилиши сабабли етиб бўлмас “нишон” сифатида қолганди. Шу боис Исроил АҚШдан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлди.
АҚШ президенти аввал можарога аралашишга икки ҳафта кераклигини айтган, бироқ зарба кутилмаган ҳолда бугун тонгда амалга оширилди. Ҳужумда 6 та B-2 Spirit бомбардимончиси иштирок этди ва 12 та GBU-57 турдаги “бункер тешувчи” супербомбалар ташлангани хабар қилинди.
Зарбалар натижаси ва глобал хавфлар
Айни дамда зарарлар ҳақида расмий тасдиқланган маълумот йўқ, визуал далиллар етарли эмас. Бироқ АҚШ Оқ уйи Фордо объекти бутунлай йўқ қилинганини таъкидламоқда. Бу эса нафақат минтақада, балки халқаро сиёсий майдонда ҳам янги мураккаб босқич бошланганини англатади.
Хулоса:
Эроннинг ўз стратегик объектларини олдиндан эвакуация қилиши мамлакатнинг разведка тизими ва хавфсизлик стратегияси юқори даражада эканини кўрсатади. Аммо бу воқеалар яқин вақт ичида Яқин Шарқда янада кучайиши мумкин бўлган кескинлашувларни башорат қилмоқда. АҚШ ва Исроилнинг биргаликдаги операцияси, Эрон ядро салоҳияти, глобал хавфсизлик ва уруш хавфи — буларнинг барчаси халқаро жамоатчилик диққат марказида бўлиб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар