date

АҚШ Эронга 75 та бомба ташлаган: ҳужум тафсилотлари...

АҚШ Эронга 75 та бомба ташлаган: ҳужум тафсилотлари...
2025 йил 22 июн куни АҚШ тарихидаги энг катта ҳарбий операциялардан бири амалга оширилди. “Ярим тун болғаси” деб номланган бу ҳужум давомида Эроннинг учта асосий ядровий объектларига ҳаводан ва сув остидан кучли зарбалар йўлланди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги ушбу операцияни кенг оммага расман тақдим этди. Вазир Пит Хегсетнинг таъкидлашича, бу зарба Эрон халқини эмас, балки ядровий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини бутунлай йўқ қилишга қаратилган. Унинг сўзларига кўра, кўплаб АҚШ президентлари Эроннинг ядро дастурига барҳам беришни орзу қилган, аммо бунга фақат Доналд Трамп эришди.

Операцияда АҚШ Қўшма штаблар қўмитаси раиси Ден Кейннинг маълум қилишича, 125 дан ортиқ ҳарбий учувчи қатнашган. Жумладан, 7 та B-2 Spirit туридаги бомбардимончилар, разведка, ёқилғи қуйиш ва қирувчи самолётлардан иборат улкан флот жалб этилган. Бу парвоз 11 сентябрдан бери B-2 учун энг узоқ муддатли миссияга айланган.

Кутилмаган зарба бериш учун АҚШ махсус алдов операцияси ўтказди. Бир қисми ғарб томон — Тинч океанига қараб учирилган бўлса, асл зарба берувчи самолётлар 18 соат мобайнида минимал алоқа билан шарққа ҳаракатланган. Б-2 бомбардимончилари Эрон ҳаво ҳудудида 20 дақиқа қолиб, Фордо, Натанз ва Исфаҳон ядровий марказларига бевосита зарба берган.

Шунингдек, АҚШ сув остидан ҳам зарба берди — Исфаҳондаги объектларга 20 дан ортиқ Tomahawk қанотли ракеталар йўлланди.

Ушбу операцияда жами 75 та юқори аниқликдаги бошқариладиган бомба, жумладан илк бор жанговар шароитда қўлланган 14 та GBU-57 туридаги “бункер бузувчи” бомбалар ишлатилган. Бу тарихда бундай турдаги бомбаларнинг биринчи бор реал жангда фойдаланилиши бўлди.

Пентагон бу зарбалар билан Эроннинг ядро дастури бутунлай йўқ қилинганини билдирмоқда, бироқ салоҳият бутунлай тугадими-йўқми — бу ҳали аниқ эмас. Эрон томони ҳозирча жиддий ҳарбий жавоб қайтармаган.

Мазкур ҳужум нафақат Яқин Шарқда, балки бутун дунёда жиддий геосиёсий тўлқинларга сабаб бўлиши мумкин. “Ярим тун болғаси” орқали Америка ўзининг глобал таъсирини яна намоён қилди. Трамп бошчилигидаги Вашингтон дунёдаги энг муҳим хавфсизлик муаммоларини ҳарбий йўл билан ҳал қилишдан қўрқмаслигини яна бир бор исботлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Эронга 75 та бомба ташлаган: ҳужум тафсилотлари...