
Буюк Британияда ҳукумат хизматчиларига иш фаолияти учун берилган мобил қурилмаларнинг йўқолиши жиддий муаммога айланмоқда. The Guardian нашри ёзишича, сўнгги бир йил ичида 2 мингдан ортиқ смартфон, планшет ва ноутбук йўқолган ёки ўғирланган. Йўқолган техника ўрнини босиш учун камида 1,3 миллион фунт стерлинг маблағ керак бўлади.
Энг кўп йўқотиш ҳолатлари Меҳнат ва пенсия таъминоти вазирлигида қайд этилган — бир йилда 240 та ноутбук ва 125 та телефон. Вазирлар Маҳкамасида эса 66 та ноутбук ва 124 та мобил телефон йўқолган. Жорий йилнинг илк беш ойида Мудофаа вазирлиги 103 та ноутбук ва 387 та телефонни йўқотган.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар ушбу ҳолатни жиддий хавф деб баҳоламоқда. Суррей университети профессори Алан Вудворднинг таъкидлашича, бу миқдордаги йўқотиш ҳакерлар учун улкан имконият яратади. «Агар йўқолган қурилмаларнинг атиги 1 фоизи тизим администраторларига тегишли бўлса ҳам, бу катта хавф», — дейди у.
Мудофаа вазирлиги ва Англия банки йўқолган қурилмалар ҳукумат маълумотларини шифрлаш орқали ҳимоя қилганини маълум қилган. Бироқ ўғирлик ҳолатлари бўйича алоҳида тергов ишлари олиб борилаётгани ҳам қайд этилган.
Мазкур воқеа Британияда давлат органлари ахборот хавфсизлиги ва хизмат техникалари назорати масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Мутасаддилар бундан кейин бундай ҳолатларни олдини олиш учун қўшимча чоралар кўрилиши кераклигини таъкидламоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар