date

Хитой АҚШнинг Эронга зарбасини қаттиқ қоралади

Хитой АҚШнинг Эронга зарбасини қаттиқ қоралади
Хитой халқаро муносабатларда яна бир бор ўзининг тинчликпарвар позициясини намоён этди. 22 июнь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Фу Конг АҚШнинг Эрондаги Фордо, Натанз ва Исфаҳонда жойлашган ядровий объектларга уюштирган ҳаво зарбаларини қатъий қоралади. Бу ҳақда Global Times нашри хабар тарқатди.

Фу Конг ўз чиқишида: “Хитой Қўшма Штатларнинг Эронга қарши бомбардимон ҳужумларини ва МАГАТЭ кафолатидаги ядровий объектларнинг бомбардимон қилинишига қатъий қарши. АҚШнинг бундай хатти-ҳаракатлари БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларига зид ҳисобланади. Шу билан бирга, Эроннинг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳам жиддий равишда бузилди”, — деди.

Шунингдек, Хитой дипломати бу ҳужумлар Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятни янада кескинлаштирганини ва дунёда ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича мавжуд халқаро режимга жиддий зарба бўлганини таъкидлади.

“Ҳозирги шароитда барча халқаро ҳамжамият, айниқса, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари адолатни қўллаб-қувватлаши, вазиятни юмшатиш учун амалий саъй-ҳаракатлар қилади, деб ишонамиз”, — деди Фу Конг.

Хитой вакили Яқин Шарқда кескинлик издан чиқиши хавфидан жиддий хавотирда эканини билдирди. Исроил давлатини эса зудлик билан ўт очишни тўхтатиб, ҳарбий ҳаракатларни тарқатмасликка чақирди. “Ҳар бир томон халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиши, куч ишлатишдан ва зиддиятни янада авж олдиришдан қатъий сақланиши керак”, — дея яна бир бор қайд этди Фу Конг.

У тинч аҳолини ҳимоя қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, Хитой Яқин Шарқда барқарорлик ва тинчликни тиклаш йўлида ўз саъй-ҳаракатларини давом эттиришга тайёр эканини билдирди. “Афсуски, уруш оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошиб бормоқда. Бу эса барчамизни чуқур қайғуга солади”, — деди Хитой дипломати.

Мазкур баёнот халқаро ҳамжамият томонидан эътибор билан қабул қилинди ва Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун барча манфаатдор давлатлар бирга ҳаракат қилишининг муҳимлиги яна бир бор таъкидланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой АҚШнинг Эронга зарбасини қаттиқ қоралади