
Юрак жарроҳлигида янги давр бошланди: АҚШда биринчи марта робот ёрдамида инсон кўкрак қафасини очмасдан юрак трансплантацияси амалга оширилди. Ҳюстон шаҳридаги Baylor St. Luke’s клиникасида ўтган тарихий операция нафақат америкалик, балки бутун дунё кардиологиясида улкан воқеа сифатида қайд этилмоқда.
45 ёшли оғир бемор учун бу имконият сўнгги умид бўлганди. У 2024 йил ноябридан бери тиббий аппаратга уланган ҳолда яшарди ва анъанавий усуллар кўмак бера олмаган эди. Лекин юқори малакали шифокорлар жамоаси замонавий роботлаштирилган технологияга ишонч билдирди.
Одатда юрак трансплантациясида кўкрак қафаси тўлиқ очилади ва бу жуда оғир жарроҳлик ҳисобланади. Бироқ бу сафар барчаси бутунлай бошқача бўлди: робот жарроҳ кичик кесмалар орқали қорин бўшлиғидан юракни олиб, янги аъзони ўрнатишга ёрдам берди. Жарроҳга эса 3D камера, жойстик ва педаллар ёрдамида барча ҳаракатларни аниқ бошқариш имкони берилди.
Бу 2025 йил март ойида амалга оширилди ва бир ойдан кейин бемор тўлиқ тузалди, шифохонадан чиқиб, қайтадан жисмоний фаол ҳаётга қайтди. Операцияни бошқарган етакчи жарроҳ Кеннет Ляо таъкидлашича, бундай роботлаштирилган усул анъанавий кесиш билан амалга ошириладиган операцияларга нисбатан бир қатор устунликларга эга:
– Кўкрак қафасининг яхлитлиги сақланади;
– Инфекция хавфи камаяди;
– Тикланиш жараёни тезлашади.
Бу операция АҚШ тарихида биринчи марта амалга оширилди ва жаҳон тиббиётида тўлиқ янги босқични бошлади. Шунингдек, 2024 йилда Саудия Арабистонида ҳам ўхшаш роботлаштирилган трансплантация қайд этилган. Бугунги кунда роботлар нафақат йирик саноат тармоқларида, балки инсон ҳаёти учун энг нозик жараёнларда ҳам аниқлик ва самарадорлик билан ишлаётгани исботланмоқда.
Кардиожарроҳликда бундай технологик ютуқлар беморлар учун янада хавфсиз, оғриқсиз ва тез тикланадиган даволаш имкониятларини яратиб, умидларга янги қувват бағишламоқда.
Zamin.uz таҳририяти:
Замонавий тиббиёт инсоният учун мутлақо янги истиқболларни очмоқда. Янада кўпроқ одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун инновацион технологиялар бизнинг хизматимизда бўлиб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар