
“Foreign Affairs” нашри хабарига кўра, Покистон ҳарбий мутахассислари Америка Қўшма Штатларигача ета оладиган қитъалараро баллистик ракета (ICBM) яратиш устида фаол иш олиб бормоқда. Ушбу ракета ядровий ёки анъанавий каллак билан жиҳозланиши мумкин ва 5500 километрдан зиёд масофадаги нишонларга зарба бериши эҳтимоли бор.
Маълумотларга кўра, Покистон бу ҳаракатни Ҳиндистоннинг “Синдур” деб номланган махсус операцияси ортидан янада жадаллаштирган. Хитой кўмагида ўз ядро салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган Исломобод минтақада хавфсизлик мувозанатини сақлаб қолишни мақсад қилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, агар Покистон бундай узоқ масофага етказа оладиган ракета ишлаб чиқса, Вашингтон буни жиддий таҳдид сифатида баҳолаши мумкин. Ҳозирда Россия, Хитой ва Шимолий Корея АҚШнинг асосий ядровий рақиблари сифатида кўрилса, Покистон ҳам шулар сафига қўшилиши эҳтимолдан холи эмас.
Покистоннинг ядро дастури илк бор 1970-йиллар бошида бошланган бўлиб, бунга асосий туртки – Ҳиндистоннинг 1974 йилдаги биринчи ядровий синови бўлган. 1998 йилда эса Покистон олтита ядровий синов ўтказиб, расман ядровий давлат мақомини олган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исломободнинг ICBM лойиҳасига киришиши Ҳиндистоннинг ракетага қарши илғор мудофаа тизимлари ва ҳарбий салоҳиятини кучайтиришига жавоб сифатида қаралмоқда. Покистон тарихан ўз ядровий арсенали орқали Ҳиндистон устунлигига қарши туришга интилиб келган. Бироқ янги ракеталар ишлаб чиқилиши минтақадаги қуролланиш пойгасини янада шиддатлантириши мумкин.
Вашингтон эса Покистоннинг ядро салоҳиятидаги кенгайишдан ва унинг Хитой билан яқин алоқаларидан хавотирда. АҚШ бу ракеталар фақатгина Жанубий Осиёда эмас, балки глобал миқёсда ҳам хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, Хитой Покистонга расман ракета дастури бўйича очиқча ёрдам бермаган бўлса-да, ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик орқали Исломободнинг мудофаа имкониятларини қўллаб-қувватлаётгани сир эмас. Экспертлар Хитой мазкур ракета лойиҳасини яширинча маъқуллаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бу эса Ҳиндистон ва АҚШнинг стратегик режаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар