date

Европа Россияга қарши дрон урушларига тайёрланмоқда: миллиардлик армия зарур

Европа Россияга қарши дрон урушларига тайёрланмоқда: миллиардлик армия зарур
Яқин келажакда дронлар нафақат разведка воситаси, балки тўлақонли кураш қуролига айланиши мумкин. Европа Иттифоқи Россиянинг эҳтимолий ҳарбий таҳдидига жавобан бутунлай янги мудофаа доктринасини шакллантирмоқда. Бу ҳақда Европа Комиссиясининг мудофаа ва космос бўйича масъул комиссари Андрюс Кубилюс жиддий баёнот берди, деб хабар берди euronews.com.

Унинг фикрича, Россия президенти Владимир Путин агар НАТО аъзоси бўлган бирон мамлакатга ҳужум қилишни буюрса, Европа давлатлари “жангларда пишган” ва дрон технологиясини чуқур ўзлаштирган қудратли армияга қарши курашишига тўғри келади.

Кубилюс шундай деб таъкидлади:

“Россия дронлар ишлаб чиқариш салоҳиятини йилига 5 миллион донага етказиши мумкин. Агар биз бу рақамга яқинлашмасак, қарама-қаршиликда устунликка эришиш мумкин эмас.”

У, айниқса, Украинадаги фронт чизиғида “ўлим водийси” деб номланган зона пайдо бўлганини таъкидлаб ўтди. У ерда ҳеч қандай жисм, ҳатто танк ҳам дронлар назоратидан омон қололмайди. Кубилюснинг таърифича, танклар бу ҳудудда бор-йўғи 6 дақиқа “тирик” қолиши мумкин.

Фақат омбордаги дрон етарли эмас

Мудофаа соҳасидаги кўплаб экспертлар каби Кубилюс ҳам бир нуқтага алоҳида эътибор қаратмоқда — дронларни омборда сақлаш билан муваффақият қўлга киритиб бўлмайди. Чунки замонавий ҳарбий шароитда дронлар доимий равишда янгиланиши, қайта мослаштирилиши ва фронтдаги вазиятга мос равишда модернизация қилиниши керак. Бу эса фақат ишлаб чиқарувчи мутахассислар, муҳандислар ва пилотлардан иборат доимий ишчи гуруҳлар мавжуд бўлса, амалга ошади.

Унинг сўзларига кўра, Европа дронлар сони билангина эмас, ишлаб чиқаришдаги эластиклик, реал вақтда мослашувчанлик ва стратегиявий устунлик орқали рақобатга кириши лозим.

НАТО ҳали ҳозирча тайёр эмас

Бироқ, ҳозирги кунда НАТО давлатлари шундай кенг кўламдаги дрон ҳужумига қарши тўлиқ тайёр эмас. Бу ҳақда Alpine Eagle стартапи бош директори Ян-Хендрик Бёленс таъкидлади. У Украина учун дронлар ишлаб чиқараётган немис компаниясида фаолият олиб боради ва фронтдаги реал талабни яхши билади.

Мудофаа харажатлари кескин оширилади

Бу борада НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳам керакли баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаани камида беш баробар кучайтириш талаб этилади. Шунингдек, дрон технологияларига катта сармоя йўналтирилиши шарт.

25 июнь куни бўлиб ўтган НАТО саммитида эса муҳим келишувга эришилди: 2035 йилгача ҳар бир аъзо давлат ҳарбий харажатларини йиллик ялпи ички маҳсулотнинг камида 5 фоизигача етказиши лозим. Бу Европа хавфсизлигига стратегик ёндашув сифатида баҳоланмоқда.

Дронлар урушнинг марказий қуролига айланмоқда

Факт шуки, Украинадаги уруш дронларнинг фақат разведка воситаси эмаслигини бутун дунёга кўрсатиб қўйди. Энди эса Европа бу технологияда рақобатбардош бўлиш учун ишлаб чиқаришни кучайтириш, махсус лойиҳаларни йўлга қўйиш ва дронлар орқали ҳимоя концепциясини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Нима бўлганда ҳам, дронлар замонавий урушнинг “оғир артиллерияси”га айланиб бўлди. Европа энди бу воқеликка кўз юмиб туролмайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа Россияга қарши дрон урушларига тайёрланмоқда: миллиардлик армия зарур