date

Пентагон раҳбари Украинага қурол етказиб беришни тўхтатди

Пентагон раҳбари Украинага қурол етказиб беришни тўхтатди
АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбари Пит Хегсет бир томонлама равишда Украинага айрим турдаги қурол-яроғларни етказиб беришни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар берди nbcnews.com. Манба маълумотларига кўра, бу Хегсет томонидан қабул қилинган учинчи шундай мустақил қарор ҳисобланади.

Пит Хегсет илгари, яъни февраль ва май ойларида ҳам Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатишга буйруқ берган, аммо ўшанда унинг қарори бир неча кундан сўнг бекор қилинган эди. Бу сафар эса АҚШ қонунчилари ва бир қатор Европа иттифоқчилари ушбу қарорни бекор қилишга ҳаракат қилган, аммо Оқ уй бу сафар Пентагон раҳбарини ҳимоя қилиб чиқди.

Вашингтоннинг ушбу қадами АҚШ қурол-яроғ захирасидаги камчилик билан изоҳланди. Бироқ nbcnews.com манбалари таъкидлашича, юқори мартабали зобитлар томонидан ўтказилган таҳлиллар қурол-аслаҳа таъминотида жиддий етишмовчилик аниқламаган.

Маълум бўлишича, Пит Хегсетнинг бу қароридан Давлат департаменти, АҚШ Конгресси аъзолари, Украина расмийлари ва Америка Қўшма Штатларининг Европа бўйича иттифоқчилари ҳам ажабланиб қолган.

Расмий маълумотларга кўра, 2 июль куни Украинага айрим турдаги қуроллар етказиб бериш тўхтатилган. Манба таъкидлашича, улар орасида ўнлаб Patriot зенит-ракеталари, минглаб 155 мм артиллерия снарядлари, 100 дан зиёд Hellfire ракеталари ва бошқа қурол-яроғлар мавжуд. Шу билан бирга, Давлат департаменти матбуот котиби Темми Брюс маълум қилишича, Америка Украинага зенит ва бошқа ракеталардан ташқари ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади.

Экспертлар фикрича, мазкур қарор Украина учун жиддий стратегик аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Вашингтон ва Киев ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликда келгусида қандай ўзгаришлар бўлиши — яқин кунларда аниқ бўлади. Мавжуд вазият эса халқаро майдонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пентагон раҳбари Украинага қурол етказиб беришни тўхтатди