date

Зеленский: АҚШ қурол етказиб беришни қайта бошлади

Зеленский: АҚШ қурол етказиб беришни қайта бошлади
АҚШ Украинага қурол-яроғ етказиб беришни қайта йўлга қўйди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский жума куни халққа қилган видеомурожаатида маълум қилди. Унга кўра, Америка Қўшма Штатлари ва Европа давлатларидан ижобий сиёсий сигналлар олинган.

"Бизда юқори даражада аниқ ва кучли сиёсий белгилар бор. Бу яхши сигналлар, айниқса АҚШдан ва европалик дўстларимиздан келаётгани қувонарли. Барча маълумотларга кўра, қурол етказиб бериш қайта бошланган", – деди Зеленский ўз мурожаатида.

Бироқ Украина раҳбари қайси турдаги қурол тизимлари етказиб берилаётганига ойдинлик киритмади. Фақатгина Европа давлатлари томонидан янги мудофаа ёрдам пакетлари тайёрланаётганини алоҳида таъкидлади. Ушбу қадамлар Киев учун ғоят муҳим аҳамият касб этади, чунки фронтдаги вазият жиддий ва аниқ мудофаа ёрдами Украина армиясининг имкониятларини мустаҳкамлайди.

"Кейинги ҳафтада Америка томони билан ҳарбий миқёсда ишлашни давом эттирамиз. Хусусан, генерал Келлог билан ҳарбийларимиз. Шунингдек, янги Европа мудофаа пакетларини тайёрлаяпмиз", - дея қўшимча қилди Украина президенти.

Маълумот ўрнида, 1 июль куни Politico нашри АҚШ Оқ уйига таяниб, Пентагон Украинага Patriot зенит тизимлари учун ракеталар ва бошқа юқори аниқликдаги ўқ-дориларни етказиб беришни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар қилган эди. Бу қарор, хабарга кўра, АҚШнинг ўз захиралари жуда камайиб кетгани туфайли қабул қилинган.

Бундан ташқари, CBS телеканали маълум қилишича, нафақат Украина, балки бошқа давлатларга ҳам қурол етказиб бериш бўйича вақтинча чекловлар жорий қилинган. Бу Пентагон томонидан олиб борилаётган кенг кўламли инвентаризация ва хавфсизлик текширувининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Зеленскийнинг янги баёноти ортидан, АҚШ ва Европа мамлакатларининг Киевга нисбатан ҳарбий ёрдамини янада кенгайтиришга тайёр эканлиги яна бир бор намоён бўлди. Хусусан, кейинги ҳафталарда Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетлари, хусусан, зенит тизимлари, артиллерия снарядлари ва аниқ зарба уюштиришга қодир қуроллар етказилиши кутилмоқда.

Бу жараён Россия билан кескинлашган муносабатлар фонида Украина учун стратегик аҳамиятга эга. Зеленскийнинг таъкидлашича, Ғарбдан келаётган ҳар қандай ёрдам мамлакат мудофааси ва суверенитети учун катта таянчдир. Мудофаа имкониятлари янада ошиши учун Киев бугун ҳар бир сўз ва ҳаракатни жиддий баҳоламоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский: АҚШ қурол етказиб беришни қайта бошлади