
Украинада уруш фронти яна қизиди — 12 июль, шанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Ғарбий Украинадаги Лвив шаҳрига катта дрон зарбасини амалга оширди, деб хабар берди маҳаллий расмийлар. Лвив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкийнинг сўзларига кўра, шаҳар ва унинг марказига 10 дан ортиқ Shahed типидаги учувчисиз учоқлар томонидан ҳужум қилинган.
Ҳужум натижасида шаҳар марказидаги турар жой биносига сезиларли зарар етган. Лвив мэри Андрей Садовий Telegram орқали маълум қилганидек, турар жой бўлмаган бинолардан бирининг томи ёниб кетган. Ҳозирда ҳодиса жойида қутқарув ишлари олиб борилмоқда ва зарар кўрганлар ҳақида маълумотлар янгиланмоқда.
Ғарбий Украинанинг бошқа ҳудудларида — Тернопил, Ивано-Франкивск ва Ровно вилоятларида ҳам ҳаво ҳужуми хавфи сабабли огоҳлантириш эълон қилинган, аммо у ерда зарар қайд этилмаган.
Россия қўшинлари бу сафар узоқ масофали дронлар ва авиация имкониятларидан фойдаланган. Польша армиясининг оператив қўмондонлиги эълон қилган баёнотга кўра, зарбалар Россиянинг узоқ масофали авиацияси томонидан амалга оширилган. Шу сабаб, “Полша ва иттифоқчи ҳаво кучлари” ўз ҳудудида огоҳлик чораларини кўрди.
Польша ҳарбийлари маълум қилишича, навбатчи қирувчи самолётлар жуфтлиги ҳавога кўтарилди, ердаги ҳаво мудофааси ва радар разведка тизимлари эса юқори шай ҳолатга келтирилди. Бу чоралар ҳаво ҳужуми эҳтимолига қарши минтақавий хавфсизликни кучайтириш мақсадида амалга оширилган.
Мутахассислар таъкидламоқда: Лвивдаги ушбу ҳужум Ғарб давлатлари учун ҳам жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу воқеалар минтақада хавфсизлик тизимлари ва ҳарбий ёндашувларга тубдан қайта қарашни талаб этмоқда. Украинадаги уруш эса барчани доимий огоҳлик ва тайёрликка чорламоқда.
Лвив ва унинг аҳолиси учун бу тун — яна бир синов, Ғарбий Украина ва қўшни мамлакатлар учун эса янги хавфсизлик чораларини кўришга сигнал бўлди. Вақт кўрсатади: минтақадаги мураккаб вазият қандай ечимларга олиб келади ва Украина–Россия қарама-қаршилиги қандай янги босқичга ўтади? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар