date

Европанинг уч давлати Украина учун АҚШ қуролларига пул тўлашдан воз кечди

Европанинг уч давлати Украина учун АҚШ қуролларига пул тўлашдан воз кечди
Европа мамлакатлари сиёсий саҳнада яна янги қарама-қаршиликларга гувоҳ бўлмоқда: НАТОга аъзо уч йирик давлат – Франция, Италия ва Чехия Украина учун Америка қуролларига пул тўлаш ташаббусидан воз кечгани ҳақида Politico ва бошқа ғарб нашрлари ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, Франция ҳукумати бу масаладаги салбий позициясини мамлакат президенти Эммануэл Макроннинг узоқ йиллардан буён европаликлар ички мудофаа саноатини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб келаётгани билан изоҳлади. Шунингдек, Франция ҳозирда давлат бюджети тақчиллиги ва харажатларни қисқартириш муаммоларига дуч келмоқда. Айнан бу омиллар Парижнинг ўз мудофаа харажатларини оширишда жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Италия Мудофаа вазирлиги манбалари La Stampa нашрига берган изоҳида, мамлакат амалда қурол-яроғ хариди учун керакли бюджетга эга эмаслигини маълум қилди. “Италиянинг бу мақсад учун деярли ҳеч қандай молиявий имконияти йўқ. Бу ерда Америка қуролларини сотиб олиш ҳақида ҳеч қачон гап бўлган эмас”, – дейди вазирлик вакиллари.

Чехия бош вазири Петр Фиала ҳам мамлакатининг Украина учун Америка қуролларини харид қилиш дастурида иштирок этиш нияти йўқлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Прага Украинага қўллаб-қувватлашнинг бошқа механизмларига эътибор қаратмоқда, хусусан, ўқ-дорилар етказиб бериш ташаббуслари бунга мисол бўла олади. “Айни вақтда бу дастурда иштирок этишни режалаштирмаяпмиз”, – деди у Publico нашрига.

Аналитиклар фикрича, Европа давлатларининг бу қарорлари қитъадаги ички мудофаа сиёсатида янги йўналишлар ва халқаро ҳамкорлик форматларини шакллантириши мумкин. Украинага ёрдамнинг қайси шаклда ва қанчалик кенг кўламда давом этиши эса, яқин ойларда янада ойдинлашади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европанинг уч давлати Украина учун АҚШ қуролларига пул тўлашдан воз кечди