date

Германия дрон ҳужумларидан ҳимоялана олмайди — хавотирли баёнот

Германия дрон ҳужумларидан ҳимоялана олмайди — хавотирли баёнот
Аэрокосмик мутахассислар маълумот берди: Германия дрон таҳдидлари олдида ночорми?

Сўнгги пайтларда Европа мамлакатлари хавфсизлик борасида жиддий синовлар билан тўқнаш келмоқда. Германиядаги етакчи аэрокосмик мутахассислар эса, мамлакатнинг душман дронларига қарши ҳимоя имкониятлари жуда паст даражада эканлигини очиқ эътироф этди, деб хабар берди dw.com.

Германия авиация-космик саноати федерал ассоциацияси (BDLI) томонидан ҳукуматга йўлланган "тезкор хат"да таъкидланишича, бу соҳадаги ҳуқуқий ва техник имкониятлар етарли даражада шаклланмаган. Жумладан, мамлакатда дронларга қарши тизимли ёндашув, мувофиқлаштирилган ҳамкорлик ва инновацион ҳимоя ечимлари ҳалигача тўлиқ жорий этилмаган.

Ассоциация маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда Манхинг ҳарбий аэродроми ҳудудида рўй берган ноқонуний дрон парвозларига қарши самарали чора кўришнинг имкони бўлмаган. Бу ҳолат Германиянинг ички хавфсизлик салоҳиятига нисбатан жиддий шубҳаларни келтириб чиқармоқда.

BDLI ижрочи директори Марие-Кристине фон Хан ушбу муаммолар юзасидан шундай деди:
“Душман дронлари томонидан полиция авиация тизимларининг радиосигналлари ушлаб олиниши — бу бизнинг қонун устуворлигига таянувчи демократик давлат сифатидаги нуфузимизга қаттиқ зарба.”

У шунчаки танқид билан чекланиб қолмади, балки ҳукуматни хавфсизликни мустаҳкамлашга доир аниқ чоралар кўришга, давлат идоралари ўртасида мувофиқлаштирилган ҳамкорлик тизимини яратишга ва янги мудофаа технологияларини жорий этишга даъват этди.

Шу билан бирга, BDLIнинг таъкидлашича, АҚШда илғор босқичга етиб келган кооператив жанговар дронлар (CCA) технологиясини тезкор тарзда жорий этиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Германия бу каби технологияларни ўзининг мудофаа қобилиятини кучайтириш мақсадида хориждан харид қилиши ҳам мумкин.

Экспертлар бу борада жиддий ечимлар қабул қилинмас экан, мамлакат муҳим ҳарбий ва стратегик нуқталардаги ҳимоя тизими билан боғлиқ жиддий хавф-хатарлар билан юзма-юз қолиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Айни пайтда, бу хат BDLI томонидан ҳукуматга юборилган илк мурожаат эмас. Аввал ҳам бу ташкилот Германиянинг аэрокосмик хавфсизлик соҳасидаги камчиликларига эътибор қаратган эди. Лекин бу галги мурожаат жамоатчиликда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Энди эса савол очиқ: Германия ҳукумати бу танқидий баёнотлардан қандай хулоса чиқаради? Ва мамлакат дрон таҳдидларига қарши ҳақиқий мудофаа тизимини қандай шакллантиради?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия дрон ҳужумларидан ҳимоялана олмайди — хавотирли баёнот