date

Россиялик икки амалдор Украинага нисбатан молиявий жиноятда айбланмоқда

Россиялик икки амалдор Украинага нисбатан молиявий жиноятда айбланмоқда
Гаагада жойлашган Халқаро жиноий суддан (ХЖС) Россиянинг юқори мартабали молия амалдорларига — Молия вазири Антон Силуанов ва Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллинага нисбатан ҳибсга олиш учун расман ордер чиқариш сўралди. Бу ташаббус Американинг LexCollective номли нодавлат ташкилоти томонидан илгари сурилди, деб хабар берди Financial Times.

Маълумотларга кўра, мурожаатни тайёрлаш жараёнида B4Ukraine жамоат коалицияси ва Украина ҳуқуқшуносларидан иборат маслаҳатчилар гуруҳи фаол иштирок этган. Улар Россиянинг молиявий тармоқлари орқали Украина ҳудудларидаги ноқонуний назоратни молиялаштиришдаги иштироки юзасидан ХЖСни текширув ўтказишга чақирмоқда.

Мурожаатда Россиянинг учта йирик молиявий муассасаси — “Промсвязьбанк”, Халқаро ҳисоб-китоблар банки (ХҲБ) ва Россия Марказий банкининг (РМБ) юқори лавозимдаги раҳбарлари танқид остига олинган. Хусусан, Херсон вилоятининг босиб олинган қисмларидаги банк амалиётлари мисол сифатида келтирилган.

Таъкидланишича, Россия томони қўлга киритган ҳудудларда гривна муомаласи тақиқланиб, маҳаллий аҳоли рублни мажбурий равишда, сунъий паст курсда қабул қилишга мажбур қилинган. Бу ҳолат, ўз навбатида, Россия банк тизими орқали молиявий манфаатлар олишнинг асосий воситасига айланган.

Мурожаатда, шунингдек, шундай даъво ҳам келтирилганки, маҳаллий аҳолига банк хизматларидан фойдаланиш имконини бериш учун улар Россия фуқаролигини олишга ва шу орқали "Россияга садоқат"ини намоён этишга мажбур бўлган. Бу эса, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, босиб олишни молиялаштириш ва қонунийлаштиришга уриниш сифатида баҳоланмоқда.

Financial Times маълумотига кўра, Украина ҳудудидаги босиб олинган жойларда Россия Марказий банки томонидан махсус “дала бўлинмалари” ташкил этилган ва улар орқали россиялик ҳарбий хизматчиларга тўловлар амалга оширилган.

Ҳужжат муаллифлари Халқаро жиноий суддан Набиуллина ва Силуановнинг ҳаракатларини расман “босқинни молиялаштириш” сифатида баҳолашни ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш чораларини кўришни сўрамоқда.

Мутахассислар фикрича, ушбу мурожаат халқаро ҳуқуқ тизимида янги босқични бошлаши мумкин. Чунки илк марта Украина ҳудудидаги ноқонуний ишларни амалга оширишда давлат молияси ва марказий банк сиёсати очиқ ва аниқ айбловларга асос қилиб кўрсатилди.

Эндиликда эса бутун жамоатчиликнинг диққати ХЖСнинг бу мурожаатга қандай муносабат билдириши ва у асосида қандай қонуний қарор қабул қилинишини кузатмоқда. Россия молиявий элитасининг жавобгарлиги масаласи янги даражага кўтарилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик икки амалдор Украинага нисбатан молиявий жиноятда айбланмоқда