date

Россияда янги ёлланма схема: у билан Украина фронтига аскарлар юборилмоқда

Россияда янги ёлланма схема: у билан Украина фронтига аскарлар юборилмоқда
Россия–Украина уруши давомида ҳарбий сафарбарлик ва фронтга ёлланмаларни юбориш схемалари янада мураккаб ва кўп қиррали тус олмоқда. “Система” суриштирув лойиҳасининг маълумотларига кўра, ҳозирда Россияда “Доброкор” номи остида янги кўнгилли корпус ташкил этилган ва унда ёлланма аскарларни Украинага юборишнинг мутлақо янги механизми амал қилмоқда, деб хабар берди dw.com.

2023 йилда ташкил этилган “Добровольческий корпус” асосини аввалги “Редут” хусусий ҳарбий компанияси ташкил этган. Бугунги кунда бу тузилма Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси томонидан тўлиқ кураторлик ва молиялаштириш асосида бошқарилмоқда.

Янги схема доирасида ёллаш жараёнлари “Святой Георгий” бригадаси, “Дон” казаклар тузилмаси ва яна 25 та бўлинмада амалга оширилади. Уларнинг асосий координатори — генерал-лейтенант Владимир Алексеев саналади.

Маълумотларга кўра, “Доброкор” бўлинмалари фронтнинг деярли барча асосий йўналишларида: Харкив, Донецк, Луханск, Запорижжя, Херсонда ҳамда Россия ҳудудидаги Курск вилояти жангларида фаол қатнашмоқда.

Ёллаш шароитлари ҳам ўзгарган: урушга 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар, тиббий отрядларда эса 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар қабул қилинади. Ёлланганлар махсус ўқув полигонида 10 кундан икки ҳафтагача машғулот ўташади. Шартнома минимал олти ойга тузилади, аммо саккиз ой ёки бир йиллик шартнома имконияти ҳам бор. Муддат тугагач, шартномани узайтириш ёки фронтдан уйга қайтиш мумкин.

Энг қизиғи, “Доброкор” корпуси аъзолари расмий равишда “жанговар ҳаракатлар фахрийси” мақомини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Экспертлар фикрича, мазкур схема Россияда ёлланмаларни сафарбар қилиш ва фронтга ёллашнинг янги босқичини бошлаб бериши мумкин. Жамоатчилик эса бу йўналишда қандай ўзгаришлар бўлишини қизиқиш билан кузатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда янги ёлланма схема: у билан Украина фронтига аскарлар юборилмоқда