
Telegram мессенжери атрофидаги муҳокамалар яна қизий бошлади. Бу гал гап шунчаки янгилик эмас — балки обрўга путур етказиш уринишлари ҳақида кетмоқда. Мессенжер асосчиси Павел Дуров бу масалада очиқ ва қатъий баёнот билан чиқди.
Унинг фикрича, сўнгги пайтларда ОАВларда пайдо бўлаётган хабарлар тасодиф эмас, балки маълум мақсадга хизмат қилаётган ҳаракатлар натижасидир. Гап 17 июл, пайшанба куни пайдо бўлган ва Telegram Россияда офис очишга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақида бормоқда.
Hi-Tech Mail интернет-нашрида пайдо бўлган мақолага кўра, Роскомнадзор сайтида Telegram Messenger Inc. компанияси Россияда филиал ёки ваколатхона очиш ёки юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш бўйича «тасдиқлаш босқичида» экани акс этган.
Бироқ Павел Дуров ушбу хабарларга шубҳа билан қарамоқда. У ўзининг шахсий Telegram-каналида бу ҳолатни аввал ҳам кузатилган босимлар ва кампанияларнинг давоми сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Telegramʼни обрўсизлантириш бўйича мақсадли ҳаракатлар кетмоқда ва буни фақат «журналистик хатолар» билан изоҳлаб бўлмайди.
Дуров бу ҳақда шундай дейди:
«Эҳтимол, биз журналистларнинг зарарсиз хатолари билан эмас, балки Telegramʼни обрўсизлантириш бўйича мақсадли кампания билан шуғулланаётганлар ишини кўраётгандирмиз».
Айни вақтда, Telegram томонидан Россияда расман офис очиш ёки юридик мақомга эга бўлиш ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот берилгани йўқ. Бу эса вазиятнинг аниқлигига оид саволларни янада оширмоқда.
Нима бўлганда ҳам, Павел Дуров сўнгги баёноти орқали мессенжер атрофидаги муаммоларга нисбатан позициясини яққол билдиради. Telegram нафақат технология, балки эркинлик ва мустақиллик рамзи сифатида ҳам кураш марказида қолмоқда.
Олдинда яна қандай воқеалар бўлиши номаълум. Аммо аниқ бир нарса бор — Telegram атрофидаги кураш энди бошланганга ўхшайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар