date

Европа мудофаасида янги босқич: АҚШсиз Европа ва Россия таҳдиди муҳокамада

Европа мудофаасида янги босқич: АҚШсиз Европа ва Россия таҳдиди муҳокамада
Европа хавфсизлиги борасида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда: қитъа давлатлари энди фақат АҚШга суянмасдан, ўз мудофаа салоҳиятини мустақил равишда кучайтиришга интилаяпти. Германия канцлери Фридрих Мерц BBC’га берган интервьюсида бу борада теран фикр билдирди, деб хабар берди bbc.com. Мерц сўзларига кўра, Европа Россия томонидан юзага келган янги таҳдидлар фонида мудофаа ва хавфсизлик учун катта миқдорда маблағ ажратишга мажбур бўлмоқда.

Канцлер таъкидича, Европа ва унинг аҳолиси тинчлиги, эркинлиги ва сиёсий барқарорлиги Россиядан келаётган жиддий хатар остида қолган.

“Биз жиддий таҳдид билан рўбарў келмоқдамиз, бу – Россиядир. Бу таҳдид нафақат Украинага, балки бизнинг тинчлигимиз ва Европадаги сиёсий тартибга қарши қаратилган”, – дейди Германия ҳукумати раҳбари.

Шу боис Германия ҳукумати ва бошқа етакчи Европа давлатлари мудофаа учун бюджет харажатларини сезиларли даражада оширмоқда. Бу мақсадда, Мерц Конституцияга ўзгартириш киритишга ҳам эришган.

“Биз у қадар кучли эмасмиз, армиямиз у қадар кучли эмас. Шунинг учун биз мудофаага кўп маблағ сарфламоқдамиз”, – деди олмон сиёсатчиси.

Мерц, шунингдек, АҚШ раҳбариятининг Европа мудофаасига оз маблағ ажратилаётгани ҳақидаги танқидларига қўшилди. Унинг фикрича, Европа энди ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни зиммасига олиши лозим, чунки АҚШ ташқи сиёсатда Осиё минтақасига эътибор қарата бошлади.

Сўнгги вақтларда қитъада АҚШга қарамликни қисқартириш ва ўзаро мудофаа ҳамкорлигини кучайтириш тенденцияси яққол намоён бўлмоқда. Жумладан, Британия ва Германия раҳбарлари яқинда ҳарбий ҳужум содир бўлса, ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини ўз ичига олган муҳим келишувга имзо чекди.

Россиянинг Европа мамлакатларига эҳтимолий ҳужуми ва НАТОга янги таҳдидлар сўнгги ҳафталарда кенг муҳокама этиляпти. НАТО бош котиби Марк Рютте, Германия разведкаси раҳбари Бруно Каль ва Мюнхен халқаро хавфсизлик конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген каби етакчи экспертлар Москванинг агрессив сиёсати хавфли босқичга ўтаётганини урғуламоқда. Уларнинг фикрича, Путин Украинада тўлиқ ғалаба қозонса, Европа учун янада катта таҳдид юзага келади.

“Путин бир неча бор Cовет Иттифоқининг парчаланиши ва руслар Россиядан четда қолиб кетганини XX асрнинг катта фожиаси деб атаган. Агар Путин Украинада мағлуб этилмаса, у Молдовага қадар ёки Болтиқбўйи мамлакатларига қадар келишини кутишимиз керак”, – деган Кристоф Ҳойсген.

Айни пайтда, Путин Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба берилгани такрорланса, “катта қарорлар” қабул қилиниши ҳақида огоҳлантирди. Европа ва АҚШ ўртасида хавфсизлик соҳасида янги босқич бошлангани, Россия таҳдидларига қарши биргаликда курашиш зарурати эса кун тартибининг асосий мавзусига айланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа мудофаасида янги босқич: АҚШсиз Европа ва Россия таҳдиди муҳокамада