date

Камчаткада бир кунда учта зилзила: цунами хавфи эълон қилинди

Камчаткада бир кунда учта зилзила: цунами хавфи эълон қилинди
Россиянинг шарқида жойлашган Камчатка яримороли яна кучли табиий силкинишлар марказига айланди. 20 июль куни мазкур ҳудудда бир куннинг ўзида бир нечта зилзила содир бўлди, деб маълум қилди Россия Фанлар академиясининг Ягона геофизика хизмати.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, маҳаллий вақт билан соат 18:28 да (Тошкент вақти билан 08:28 да) биринчи зилзила қайд этилган бўлиб, унинг магнитудаси 6,7 ни ташкил этган. Ундан бор-йўғи 20 дақиқа ўтиб, яна бир маротаба ер қимирлади — бу сафар зилзиланинг кучи 7,2 магнитудага етди. Орадан яна 20 дақиқа ўтиб, яна бир бор 6,7 магнитудали зилзила қайд этилди.

Геофизикларнинг сўзларига кўра, ҳар учала зилзиланинг маркази Петропавловск-Камчатский шаҳридан тахминан 160–169 км узоқликда жойлашган ва ер ости устига нисбатан бор-йўғи 5 км чуқурликда содир бўлган. Бу ҳолат зилзилаларнинг кучли сезилиши ва эҳтимолий хавф даражасини янада оширади.

Эътиборлиси шундаки, аввал Россия ФА филиали зилзиланинг кучини 7,6 магнитуда деб эълон қилган, аммо кейинроқ бу маълумот аниқлаштирилиб, расмий равишда 7,2 магнитудали зилзила ҳақида айтилди. Шу билан бирга, АҚШ Геология хизмати эса Камчатка яримороли қирғоқларида 7,4 магнитудали бир нечта зилзилалар қайд этилганини маълум қилди.

Ҳодисадан сўнгги соатлар мобайнида 10 дан ортиқ иккала силкинишлар ҳам кузатилди — уларнинг кучи 4,2 дан 6,3 магнитудагача бўлган. Бу сейсмик фаоллик ҳали тўлиқ тўхтамаганини кўрсатмоқда.

Маҳаллий аҳоли томонидан тарқатилган хабарларга кўра, зилзила пайтида уйлар титраб, кўплаб мебеллар қулаб тушган. Baza манбасининг ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар қайд этилмаган.

Айни пайтда Камчаткадаги бир неча аҳоли пункти учун цунами хавфи эълон қилинди. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, эҳтимолий тўлқинлар баландлиги тахминан 60 см ни ташкил қилиши мумкин. “Қирғоққа яқинлашманг, тўлқинларни кузатиш хавфли бўлиши мумкин”, — дея огоҳлантирди расмийлар.

Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов эса ўз телеграм-каналида биринчи тўлқин вақтини ўтиб кетганини ва ҳозирча цунами қайд этилмаганини маълум қилди. Шунга қарамай, вазият ҳали ҳам таҳликали бўлиб қолмоқда. Сейсмологлар янги силкинишлар бўлиши эҳтимолини истисно қилмаяпти.

Бу воқеалар Камчатканинг сейсмик жиҳатдан доимий фаол ҳудуд эканини яна бир бор тасдиқлади. Табиатнинг бундай кучли синовлари аҳоли учун ҳам, мутахассислар учун ҳам доимо тайёргарлик ва масъулиятни талаб этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Камчаткада бир кунда учта зилзила: цунами хавфи эълон қилинди