date

Германия канцлери: Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини энди оқлаб бўлмайди

Германия канцлери: Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини энди оқлаб бўлмайди
Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган ҳаракатларига жуда кескин баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, бунақа вазиятни энди қабул қилиб бўлмайди. Мазкур баёнот Берлинда бўлиб ўтган анъанавий ёзги матбуот анжуманида янгради, деб маълум қилди dw.com.

Мерц ўз нутқида Исроилни аниқ танқид қилиб, Ғазодаги фуқароларга нисбатан қилинган ҳаракатлар инсонпарварлик меъёрларига зид эканини урғулади. Германия ҳукумати ушбу можарони бартараф этиш учун икки асосий талабни илгари сурмоқда:

биринчи — оловни тўхтатиш,
иккинчи — Ғазо аҳолисига тўлиқ ва самарали гуманитар ёрдам етказиш.

Унинг таъкидлашича, у бу масалада Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан шахсий алоқаларни мунтазам равишда сақлаб турибди. Германия бу жараёнда ўз зиммасига юклатилган масъулиятни ҳис этмоқда ва агар Исроил ҳукумати ҳамкорликка тайёр бўлса, Берлин янада кўпроқ ёрдам кўрсатишга ҳозир.

Шу билан бирга, Фридрих Мерц Европа Иттифоқининг Исроил билан ҳамкорлик шартномасини бекор қилиш ғоясига қарши эканини очиқ баён этди. Унинг фикрича, музокаралар эшиги ёпилмаслиги керак. Бу муносабатни сақлаб қолиш, кўпроқ дипломатик ечимларга имконият яратиши мумкин.

Канцлер шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини Россиянинг Украинадаги босқинчи уруши билан солиштиришни мутлақо рад этди. У бу борада қуйидаги фикрни билдирди:

“Москва халқаро ҳуқуққа хилоф равишда мустақил давлатга ҳужум қилмоқда. Исроил эса аксинча, ўзини ҳимоя қилмоқда. Бу икки ҳолатни бир чизиққа қўйиш мутлақо нотўғри.”

Мерцнинг бу гаплари Германия ташқи сиёсатининг эҳтиёткор, бироқ тамал кўзқарашларга содиқ эканини яна бир бор намоён этди. Ғазодаги фожиали воқеалар дунё ҳамжамиятини ҳам ўйлантираётган бир пайтда, Европадаги етакчи сиёсий арбоблардан бири сифатида у тинчликка чақирув билан чиқиши алоҳида аҳамият касб этади.

Айни пайтда халқаро сиёсий майдонда бу баёнот жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Германиянинг ушбу позицияси нафақат Европа Иттифоқи, балки БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар учун ҳам янги босқични бошлаб бериши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия канцлери: Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини энди оқлаб бўлмайди