
Европада хавфсизлик муаммолари яна кун тартибига чиқди: Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хилининг сўнгги баёнотлари Украина учун халқаро ҳарбий ёрдамда янги босқични бошлаб бериши мумкин, деб ёзади thetelegraph.co.uk.
Жон Хили ва унинг немис ҳамкасби Борис Писториус раҳбарлигида ўтадиган Украина мудофааси бўйича контакт гуруҳининг “Рамштайн” форматидаги навбатдаги йиғилишида иштирокчи давлатлардан “50 кунлик кампания”ни амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Бу ташаббуснинг асосий мақсади — Киевга ҳарбий ёрдамни янада тезлаштириш ва фронтдаги имкониятларни кенгайтиришдир.
Ҳилининг фикрича, айнан шу қисқа вақт ичида Украина армияси учун замонавий қурол-яроғ, ракета ва ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш устувор вазифага айланади. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Британия томони 2025 йилда Украинага 700 миллион фунт стерлинглик (800 миллион евро) ракета, артиллерия снарядлари ва учувчисиз учоқларни етказиб беришни зиммасига олган. Лондон ва Берлин эса янги йиғилишда Украина учун муҳим ҳарбий харидларни тасдиқлаши кутиляпти.
АҚШда эса охирги ҳафталарда Доналд Трампнинг баёнотлари халқаро ҳамжамият диққат марказида. Трамп, агар 50 кун ичида Украина–Россия ўртасида тинчлик келишуви амалга ошмаса, Россия билан алоқадор барча савдо шерикларига 100 фоизлик божлар жорий қилишини билдирди. Шунингдек, АҚШ Украинага замонавий Patriot тизимлари ва катта миқдорда қурол-яроғ ёрдам беришини ваъда қилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, бундай қатъий баёнотлар ва янги ҳарбий кампаниялар Россияга музокаралар столига ўтириш учун жиддий босим сифатида қаралаётгани аниқ. Жон Хилининг “Украинани қуроллантириш, Путинни музокарага мажбурлаш керак” деган сўзлари замирида ҳам айнан шу стратегия ётади.
Айни пайтда, Вашингтон ва Москва ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотлар давом этмоқда. Доналд Трамп ҳамон тинчлик учун имкониятлар излаётганини таъкидласа-да, фронтда вазият кескин бўлиб турибди: ракеталар Киевга учмоқда, тинч аҳоли ва ҳарбийлар зарар кўрмоқда.
Шу билан, Украинадаги урушнинг тақдири навбатдаги 50 кунлик ҳарбий ёрдам кампанияси ва халқаро сиёсий босимларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Европа ва АҚШнинг бирлашган стратегияси фронтдаги ҳолатни ўзгартириши, Россияни музокараларга мажбур қилиши мумкин. Бу жараёнда эса Киев халқаро ҳамкорларидан нафақат замонавий қурол-яроғ, балки аниқ ва узоқ муддатли сиёсий қўллов кутаётгани аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар