date

Саратонни универсал вакцина билан енгиш умиди пайдо бўлди

Саратонни универсал вакцина билан енгиш умиди пайдо бўлди
Nature Biomedical Engineering журналида эълон қилинган илмий мақола дунёдаги энг оғир касалликлардан бири — саратонга қарши курашда янги йўналиш яратилаётганини кўрсатмоқда.

Бу тадқиқот Флорида университетининг йирик мутахассислари томонидан амалга оширилди. Унда анъанавий саратонга қарши вакциналардан фарқли ўлароқ, ўзига хос бўлмаган, яъни ҳар қандай ўсма турига қарши қўлланилиши мумкин бўлган универсал мРНК вакцина синовдан ўтказилди, деб хабар берди news.zerkalo.io.

Одатда саратонга қарши вакциналар ўсимта ҳужайраларида учрайдиган муайян оқсилларга қаратилади. Аммо бу янги мРНК вакцина бевосита иммунитет тизимини фаоллаштиради — гўё танамиз хавфли вирусга қарши жанг бошлаётгандек. Ана шундай кучли сигнал организмда ўсмага қарши фаол курашни рағбатлантиради.

Тадқиқотда вакцинадан ташқари кенг тарқалган иммунотерапия препаратлари, жумладан PD-1 ингибиторлари билан биргаликда қўлланди. Натижалар шунчалар таъсирли бўлдики, ҳатто аввалги муолажаларга жавоб бермаган саратон турлари — хусусан, меланома ва мия шишлари ҳам қисқарди ёки бутунлай йўқолди. Айрим ҳолатларда эса вакцина қўшимча препаратларсиз ҳам натижа берди.

Олимлар бунинг сабабини шундай тушунтиришмоқда: мРНК вакцина ўсма ичида PD-L1 деб аталувчи оқсилнинг ифодасини кучайтиради, натижада иммун тизими учун ўсмани таниш ва заифлашган ҳужум объектига айлантиради.

Бу янгилик бевосита 2023 йилда глиобластомага қарши шахсий мРНК вакцина яратиб, биринчи муваффақиятли клиник синов ўтказган шу жамоанинг илмий йўналишини давом эттиради. Ўшанда ҳар бир беморнинг шахсий ўсма ҳужайраларидан тайёрланган вакцина қўлланган эди.

Энг муҳим жиҳати — янги мРНК вакцина универсал ҳисобланади. У маълум бир саратон турига эмас, балки умумий иммун тизимини фаоллаштиришга мўлжалланган. Бу эса уни кўплаб саратон турларига қарши кенг қўллаш имконини яратади, шу билан бирга арзон ва оммавий даволаш усулига айланиши мумкин.

Олимлар ушбу натижани катта илмий ютуқ сифатида баҳоламоқда. Агар кейинги клиник синовларда ҳам шундай ижобий самара қайд этилса, мазкур вакцина саратоннинг анъанавий даволашга бўйсунмас турларига қарши асосий қуролга айланиши мумкин.

Ҳозирда илмий жамоа формулани янада такомиллаштириш ва инсоний клиник синовларни бошлаш учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Жаҳон тиббиётида янги саҳифа очилиши мумкин бўлган палла шунчаки назария эмас, балки амалий воқеликка айланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саратонни универсал вакцина билан енгиш умиди пайдо бўлди