date

Трампнинг Украинага биринчи ёрдами: АҚШ 9 миллион долларлик ҳарбий шартнома имзолади

Трампнинг Украинага биринчи ёрдами: АҚШ 9 миллион долларлик ҳарбий шартнома имзолади
Америка–Украина ҳарбий ҳамкорлигида янги саҳифа: BAE Systems Land & Armaments LP компанияси Bradley жанговар машиналарини техник кўрикдан ўтказиш ва тўлиқ жанговар ҳолатга келтириш бўйича 9 миллион долларлик шартнома қўлга киритди, деб ёзади defense.gov. Бу маблағлар 2025-молия йили учун Украина хавфсизлик ташаббуси (USAI – Ukraine Security Assistance Initiative) доирасида йўналтирилади.

Шартнома ҳажми катта бўлмасада, у Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддатида Украинага берилган илк расмий ҳарбий ёрдам сифатида қайд этилмоқда. USAI дастури 2022 ва 2023 йилларда АҚШ бюджети ҳисобидан Украина мудофаа қобилиятини ошириш учун жами 18 миллиард доллар ажратди. 2024 йилда эса янги ҳарбий пакет учун 13,77 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Янги шартнома ва ёрдам пакети Вашингтон ва Киев ўртасидаги стратегик шерикликнинг давом этишини ва АҚШнинг Украинага содиқлигини яна бир бор тасдиқламоқда. CBS News инсайдерларига кўра, Трамп маъмурияти сўнгги кунларда Украинага қўшимча миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам ажратиш имкониятини ҳам кўриб чиқаётгани айтилмоқда. Бу ёрдам Россиянинг сўнгги дрон ва ракета ҳужумларига жавоб сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Reuters агентлигининг маълумотларига кўра, Трамп биринчи марта АҚШ Конгрессининг розилигисиз, Президент фармони асосида (PDA – Presidential Drawdown Authority) Украинага қурол-яроғ юборишга қарор қилган. Навбатдаги ёрдам пакети қарийб 300 миллион долларни ташкил этиб, унда Patriot мажмуалари учун ракеталар, HIMARS тизимлари учун GMLRS снарядлари ва ўрта масофали ракеталар ҳам бор.

Сўнгги маълумотларга кўра, Трамп Путиндан ноқулайлик сезганини ва НАТО билан биргаликда Киевга қурол етказиб бериш бўйича келишувга эришганини таъкидлаган.

Якуний хулоса: Америкадаги сиёсий ўзгаришлар ва ташқи сиёсатдаги янги йўналишлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда янги босқични бошлади. 9 миллион долларлик шартнома ҳам икки давлат муносабатларида янги тенденция ва келажакда йирик ёрдам пакетларига йўл очиши кутилмоқда. АҚШ ва Украина ўртасидаги стратегик шериклик нафақат мудофаа соҳасида, балки халқаро барқарорлик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг Украинага биринчи ёрдами: АҚШ 9 миллион долларлик ҳарбий шартнома имзолади