
Хитойнинг Хунань провинциясидаги Юеян шаҳрида мамлакат тарихида илк марта шашлик саноатига ихтисослашган таълим муассасаси ташкил этилади. Янги институт Юеян очиқ университети ҳамда шаҳар Барбекю ассоциацияси ҳамкорлигида шаҳар ҳокимияти кўмагида очилади.
Маҳаллий нашрларга кўра, мазкур таълим муассасаси барбекю соҳасини мутахассислар орқали янада ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Юеян очиқ университети партия котиби Юэ Яньхуа сўзларига қараганда, институт фаолияти орқали мамлакатдаги барбекю дўконлари фақат овқатланиш нуқталари эмас, балки яхлит ва мукаммал тармоққа эга иқтисодий занжирга айланиши режалаштирилмоқда.
Айтиш керакки, Юеян шаҳрида бугунги кунда 2000 дан зиёд барбекю дўконлари фаолият юритмоқда ва уларда тахминан 50 минг киши доимий иш билан таъминланган. Соҳанинг йиллик молиявий айланмаси 2 миллиард юан, яъни тахминан 280 миллион долларни ташкил қилади.
Юеян очиқ университети вице-президенти Цзян Цзунфунинг таъкидлашича, янги институт маҳаллий ёшларни иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этишда муҳим қадам бўлади. Мактаб ва университет битирувчилари орасида муносиб иш топиш борасида қийинчиликлар мавжуд. Барбекю эса кириш учун катта сармоя талаб қилмайдиган ва даромад салоҳияти юқори бўлган соҳалардан бири ҳисобланади.
Мазкур ташаббус Хитойда касбий таълимга янгича ёндашув сифатида баҳоланмоқда. Барбекю энди фақат овқат эмас, балки замонавий иқтисодиётнинг бир қисмига айланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!