date

Уруш оқибатида Украинадаги зарар: тиклашга неча миллиард доллар керак?

Уруш оқибатида Украинадаги зарар: тиклашга неча миллиард доллар керак?

Яқинда БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида Европа, Марказий Осиё ва Америка масалалари бўйича БМТ бош котибининг ўринбосари Мирослав Йенца Украинада уруш оқибатида йўқ қилинган инфратузилмаларни қайта тиклаш учун камида 524 миллиард доллар сарфланиши кераклигини маълум қилди, деб хабар берди dppa.un.org. Ушбу сумма кейинги 10 йил ичида барча зарарни бартараф этиш учун керак бўлади.

Мирослав Йенца ўз чиқишида Россия томонидан Украинадаги фуқаровий инфратузилмаларга берилаётган зарбаларни кескин қоралаб, бундай ҳужумлар оқибатида келтирилаётган зарар кун сайин ошиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Манбаларга кўра, Россия 2022 йил 24 февралдан буён Украина ҳудудига босиб кирган пайтдан то ҳозиргача амалга оширган ҳарбий ҳаракатлар натижасида 13 580 нафар тинч аҳоли вакили, шу жумладан, 716 нафар бола ҳалок бўлган.

Йенцанинг фикрича, Украинада гуманитар аҳвол ҳам кундан-кунга оғирлашмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида тинч аҳоли ўртасида жабрланганлар сони ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 50 фоизга ошган. Айрим ҳудудларда узоқ масофага учувчи ракеталар ва дронлар орқали амалга оширилаётган ҳужумлар кўпайгани, аҳоли озиқ-овқат, тоза сув, электр энергияси ва тиббий хизматлардан етарлича фойдалана олмаётгани қайд этилмоқда.

Маълумотларга кўра, Украина аҳолисининг 3,7 миллион кишиси ўз уйини ташлаб, мамлакатнинг бошқа қисмларига кўчишга мажбур бўлган. Яна 6 миллион украиналик эса чет элларда қочқин мақомида яшамоқда.

БМТ бош котиби ўринбосари Хавфсизлик кенгаши аъзоларидан Украинада тинч аҳоли ва фуқаровий инфратузилмани ҳимоялаш, инсонпарварлик ёрдамларини кенгайтириш ва гуманитар операцияларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишни сўраган.

Сўнгги ҳафталарда Россия ва Украина Истанбулда дипломатик музокаралар ўтказаётгани таъкидланди. Мирослав Йенца бу мулоқотлар натижасида урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш муҳимлигини урғулаган.

Айтиш жоизки, Россиянинг Украинага етказган умумий зарари ҳақида турлича рақамлар келтирилмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц икки ҳафта олдин Москва Украинага етказган зарарни қоплаш учун тахминан 500 миллиард евро товон тўлаши зарурлигини маълум қилган эди.

Буюк Британиянинг “The Times” газетаси таҳлилчилари эса урушдан кейин Украина инфратузилмасини қайта тиклаш учун камида 400 миллиард фунт стерлинг, яъни 532 миллиард доллар сарф этилиши мумкинлигини қайд этган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уруш оқибатида Украинадаги зарар: тиклашга неча миллиард доллар керак?