date

Кореялар ўртасида музлик: Пхеньяннинг қатъий рад жавоби

Кореялар ўртасида музлик: Пхеньяннинг қатъий рад жавоби

Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар яна таранглашди: Ким Чен Иннинг синглиси, мамлакат сиёсий элитасидаги таъсирли шахслардан бири Ким Ё Чжон Жанубий Корея президенти Ли Чже Мённинг ярашувга қаратилган барча уринишларини мутлақо рад этди, деб хабар берди aljazeera.com.

Маълумотларга кўра, Жанубий Корея расмийлари чегара ҳудудида амалга ошириб келинган ташвиқот эшиттиришларини вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилган. Аммо Ким Ё Чжон бу қадамни "илгари қилинмаслиги лозим бўлган ишни вақтинча бекор қилиш" сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, агар Сеул бир неча ҳиссиётли сўзлар билан аввалги сиёсий воқеаларни унутиш мумкин, деб ҳисобласа, бу жиддий ва кечириб бўлмас хатолик саналади.

Шу билан бирга, у Жанубий Корея президенти Ли Чже Мённинг Ким Чен Инни APEC саммитига таклиф қилишга қаратилган фикрларини "хаёлпарастлик" деб баҳолади. Ким Ё Чжон фикрича, янги ҳукуматнинг АҚШ билан ҳарбий иттифоққа содиқлиги ва Пхеньянга қарши позицияси аввалги консерватив президент Юн Сок Ёл давридан деярли фарқ қилмайди.

"Сеул қандай сиёсат юритмасин, қандай таклифлар киритмасин, Пхеньян учун ҳеч қандай қизиқиш йўқ. Жанубий Корея билан учрашишга ҳам, музокара олиб боришга ҳам асос кўрмаяпмиз", — деди Ким Ё Чжон.

Маълумoт учун, Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён жорий йил июнь ойида Юн Сок Ёл истеъфога чиқарилгач, ҳокимиятга келган. Унинг бошчилигидаги демократик партия икки давлат муносабатларини яхшилаш тарафдори сифатида танилган, бироқ амалий натижалар ҳозирча кузатилмаяпти.

Шу тариқа, Корея яриморолида вазият янада кескин тус олди. Музокаралар ва ярашишга бўлган умидлар сўнаётган бир пайтда, минтақада хавфсизлик билан боғлиқ саволлар яна биринчи ўринга чиқмоқда. Жамоатчилик эса Кореялар муносабатининг қай йўналиш олишини кутиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кореялар ўртасида музлик: Пхеньяннинг қатъий рад жавоби