date

Трамп ва Эрон ўртасида ядровий таҳдидлар яна авж олди

Трамп ва Эрон ўртасида ядровий таҳдидлар яна авж олди

АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон ядровий дастурини тиклашга уринишидан огоҳлантириб, Эрон ядровий иншоотларига яна зарба беришга тайёр эканини қатъий баёнот билан маълум қилди. Унинг таъкидлашича, “Биз уларнинг (Эроннинг) ядровий имкониятини йўқ қилдик. Агар улар бу ҳаракатни қайта бошласа, биз ядровий иншоотларни бармоқ билан силкитгандан ҳам тезроқ йўқ қиламиз”, — деди Трамп 28 июль куни Шотландияда Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашувида берган интервьюсида.

Бундан аввал, 21 июль куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Fox News телеканалига берган интервьюсида АҚШ зарбаларига қарамай, Теҳрон уранни бойитишни тўхтатиш нияти йўқлигини очиқ баён этди. Унинг фикрича, “зарар жиддий ва оғир” бўлгани учун жараён вақтинча тўхтатилган. “Лекин биз бойитишдан воз кечолмаймиз, бу бизнинг олимларимиз ютуғи ва энди бу масала миллий ғурурга айланди”, — деди у.

Арағчи, шунингдек, келажакдаги ҳар қандай ядровий келишув Эроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини таъминлаши лозимлигини қўшимча қилди. “Ҳар қандай янги келишув бу жараённи тан олиши шарт”, — дея таъкидлади у.

28 июль куни Эрон ташқи ишлар вазири ўз баёнотида: “Агар тажовуз такрорланса, биз бундан ҳам қаттиқроқ ва яшириб бўлмас даражада жавоб берамиз”, — деб ёзди. У бу чиқишида ҳам Теҳрон уранни бойитишни давом эттириши лозимлиги ҳақидаги фикрни такрорлади. “Ҳамма билиши керакки, биз, эронликлар, тинч ядровий дастуримизни сотиб олмаганмиз — уни қон, тер ва кўз ёшларимиз билан қурганмиз. Бизнинг инсон ресурсларимиз яратган технология ва ноу-хауни бомбардимон қилиш орқали йўқ қилиб бўлмайди”, — дея хулоса қилди у.

Мавзудаги оҳанг кескин ва жиддий тус олмоқда. Мутахассислар эса, икки давлат муносабатлари ва ядровий дастур атрофидаги навбатдаги воқеалар қандай ривожланишини катта қизиқиш билан кузатишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп ва Эрон ўртасида ядровий таҳдидлар яна авж олди