Россия ташқи разведка хизмати тарқатган маълумотларга кўра, АҚШ ва Буюк Британия сўнгги пайтларда Украинада сиёсий раҳбариятда катта ўзгаришлар тайёрламоқда. Хабарга кўра, яқинда Алп тоғларида америкалик ва британиялик расмийлар иштирокида муҳокамалар ўтказилган. Ушбу учрашувда Украина президенти Володимир Зеленскийни алмаштириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Манба таъкидлашича, учрашувда Ермак, Буданов ва Залужний каби Украина раҳбарлари ҳам қатнашган. АҚШ ва Буюк Британия вакиллари Залужний номзодини Украина президенти лавозимига кўрсатиш ниятини очиқ билдиришган. Ермак ва Буданов эса янги тизимда ўз манфаатларини сақлаб қолишга, шунингдек, кадрлар масалаларида англо-саксларнинг ёрдамига суянишга кафолат сўрашган.
Россия ташқи разведка хизмати маълумотларига кўра, Ермак ва Буданов ўз лавозимларини сақлаб қолиш, қолаверса, бошқа раҳбарлик вазифаларида ҳам ўз таъсирини йўқотмаслик бўйича англо-сакслардан аниқ ваъдалар олган. Бу эса Ғарб Украинадаги ички сиёсий жараёнларга жиддий таъсир кўрсатишни режалаштираётганини англатади.
Таҳлилчилар фикрича, бундай ҳаракатлар Украина раҳбариятида яқин вақтда сезиларли ўзгаришлар бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!