
Хитой ҳукумати туғилиш кўрсаткичларининг пасайиб бораётгани сабаб, аҳоли сонини кўпайтириш мақсадида янги молиявий дастурни амалга оширмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг етакчи ахборот агентликларидан бири — “Синхуа” маълум қилди.
Маълум қилинишича, давлат 3 ёшгача бўлган боласи бор оилаларга ҳар йили 3600 юань (тақрибан 500 АҚШ доллари) миқдорида тўлов ажратади. Бу маблағ 2022–2024 йиллар орасида туғилган болалар учун мўлжалланган бўлиб, 20 миллионгача бўлган оилани қамраб олиши кутилмоқда.
Расмий рақамларга кўра, 2024 йилда Хитойда 9,5 миллион чақалоқ туғилган. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан қарийб икки баробарга камайган. Ҳукумат эса бу пасайишга қарши туриш учун “она капитали”га ўхшаш дастурни жорий қилмоқда.
Иқтисодчи Зичун Хуаннинг таъкидлашича, ушбу ёрдамлар қисқа муддатда туғилиш даражаси ёки ички бозор истеъмолида катта ўзгариш қилмаслиги мумкин. Аммо бу ташаббус аҳолига тўғридан-тўғри молиявий ёрдам кўрсатишда янги босқич бўлиб, давлат бюджети орқали трансфертлар сонини оширишга замин яратиши мумкин.
Маълумки, Хитой 1979 йилдан 2015 йилгача “бир оила — бир бола” сиёсатига амал қилган. Айниқса, қишлоқ жойларда икки фарзандли оилалар ижтимоий имтиёзлардан маҳрум этилган. Энди эса ҳукумат аксинча, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар туфайли, демографик инқироз олдини олиш ва мамлакатнинг келажакдаги меҳнат ресурсларини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!