Хитойнинг Гуандун вилоятида рўй берган ғоят ҳайратланарли ҳодисада уч ёшли бола 18-қаватдан йиқилишига қарамай, тирик қолди. Бу ҳақда South China Morning Post манбасига таяниб хабар берилди.
Фожеа содир бўлган пайтда бола бувиси ва буваси қарамоғида бўлган. Улар болани ухлаяпти деб ўйлаб, озиқ-овқат олиш учун уйдан чиқиб кетишган. Уйғонган бола ҳожатхонага кириб, у ерда ҳимоя панжараси йўқ деразадан пастга йиқилган.
Кутилмаганда, у 17-қаватдаги дераза тагига урилиб, йўналишини ўзгартирган ва йўлакка эмас, тўғри дарахт шохларига тушган. Боланинг отаси: “Агар ўша дарахт бўлмаганида, у бетонга тушган бўларди”, — дея билдирган.
Болани маҳаллий фуқаро топиб, тез ёрдам чақирган. Шифокорлар унинг қўли сингани, умуртқаси чўзилгани ва ички аъзолари жароҳатланганини айтган. Аммо унинг бош мияси соғ-омон қолган.
Боланинг отаси миннатдорлик ифодаси сифатида ўша дарахтни анъанавий қизил гуллар билан безаган — бу Хитой маданиятида ҳурмат ва шукроналик рамзи ҳисобланади.
Ҳодиса маҳаллий жамоатчиликда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик буни "мўъжиза" деб баҳоламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!